Жаҳон | 09:28 / 16.07.2018
10035
2 дақиқада ўқилади

Давлат тўнтаришларига бутунлай чек қўйилди - Эрдўған

Фото: Анадўли

Туркияда ҳарбий тўнтаришлар даврига бутунлай чек қўйилди. Бу ҳақда Туркия резиденти Ражаб Тоййиб Эрдўған «15 июль - Демократия ва миллий бирдамлик куни» муносабати билан Истанбулдаги «15 июль қурбонлари» кўпригида ташкил этилган митингда маълум қилди.

«15 июль – миллатнинг қайта туғилиши, халқ иродасига қилинган ҳужумга қаршилик тимсоли. Биз 15 июлни ҳеч қачон унутмаймиз ва унутишга йўл қўймаймиз. Бу Туркия учун тарихий даврдир», - деди Эрдўған.

Туркия раҳбари 2016 йил 15 июлда Фатҳуллоҳ Гулен (FETÖ) террорчилик оқими томонидан қилинган давлат тўнтаришига уриниш турк халқининг матонати ва жаросати туфайли йўққа чиққанини таъкидлади.

«FETÖ ҳужумини қайтариб байроғимиз ва мустақиллигимизни ҳимоя қилган, ўз қонлари билан қаҳрамонлик тарихини битган шаҳидларимизни Аллоҳ раҳматига олган бўлсин. Бу ғалаба халқимиз матонати, шаҳид ва ғозийларимизнинг танк ва самолётлар қаршисида кўрсатган жасорати натижасидир. Ер юзида 15 июль руҳи яшар экан, ҳеч бир куч Туркияни ўз йўлидан қайтара олмайди», - деди Туркия раҳбари. 

Эрдўған турк демократиясига тажовуз қилганлар адолатли равишда ўз жазоларини олганлигини қайд этди.

«Ўша тунда мамлакатимизга хиёнат қилганлар, халқимизга қарата ўқ отганлар энг кескин жазога тортилди. Биз Пенсильванияда яшириниб ётган махлуқнинг қўлларини, улкан ёлғондан иборат саккизоёқнинг пайпаслагичларини қирқиб ташладик», - деди Туркия президенти.

Туркия раҳбари мамлакатдаги барқарорликка путур етказишга қаратилган ҳар қандай уриниш бундан буён ҳам кескин бартараф этилишини таъкидлади. 

«Халқимиз тинчини бузишга уринганлар бизнинг, армиямизнинг, полиция ва хавфсизлик ҳимоясидагиларнинг қаршилигига дуч келади», - деди Эрдўған.

Мавзуга оид