Жамият | 15:20 / 16.07.2018
27971
4 дақиқада ўқилади

“Мардикор” аёллар билан навбатдаги учрашув. Хотин-қизлар қўмитаси жиддийроқ курашга киришди

KUN.UZ сайти орқали Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ массивида мардикор аёллар билан учрашувлар ҳақида хабар берилган эди. Сайёр қабулларни уюштириш ташаббусини Хотин-қизлар қўмитаси ўз зиммасига олган эди. 

15 июль, якшанба куни Хотин-қизлар қўмитаси томонидан «Бизнинг жамиятда ҳар бир аёл давлат ҳимоясидадир!» шиори остида вилоятлардан иш қидириб Тошкент шаҳрига келган хотин-қизларни бандлигини таъминлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида «Қўйлиқ» ва «Чорсу» бозорлари атрофидаги норасмий ёлланма ишчилар тўпланган жойларда бир марталик иш қидириб чиққан хотин-қизлар билан навбатдаги учрашув ташкиллаштирилди.  Сайёр қабулда 130 нафар аёл ва  20 нафар мурожаатчилар иштирок этди. Бу сафар аёлларнинг ёрдамга муҳтож қатлами билан Республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева шахсан учрашди ва муаммоларни ўрганди.

“Аввалги учрашувларда кўпчиликнинг муаммолари ҳал этилган. Ҳал қилиш учун вақт талаб қиладиган муаммолар ҳам мавжуд. Уларни ҳам тезроқ ҳал қилишни мақсад қилганмиз. Бу натижаларни кўргандан сўнг, мурожаатлар сони ортиб бормоқда. Ҳаттоки, бу сафарги учрашувларимизга эркаклар ҳам келишган. Бу халқни бизга ишончи ва биз буни оқлаймиз”, дейди Хотин-қизлар кўмитаси раисининг ўринбосари Нурматова Мукаррам.

Қабуллар аввалги сафарги кўринишда вилоятларга бўлиб ўрганилди. Ҳамма вилоятлардан аёллар йиғилган, хаттоки Қорақалпоғистондан ҳам аёллар келган. Ҳар бир ҳудуд бўйича шу ҳудуд вакили иштирокида қабуллар ўтказилди. Танзила Норбоева учрашувга келган аёлларнинг ҳар бири билан суҳбатлашиб, дардини билишга ҳаракат қилди ва зарур кўрсатмалар берди. Аёллар орасида кўпчилигининг муаммолари фақатгина ишсизлик эмас, бошқа ўткир масалалар эканлиги ҳам ўрганилди. Ва бу муаммолар қисқа муддат ичида ҳал этилиши учун кўрсатмалар берилди.

“Эрим ва ўғлим Россияда. У ерда қонунбузарликда айбланиб тергов изоляторида сақланяпти. Бир неча бор у кишини уришибди ҳам. Иккинчи фарзандим ажрашиб кетди. Оиламиз пароканда бўлиб кетди. Уйимни сотувга қўйганман. Кўчада қолдим. Менга амалий ёрдам керак, ўзимни кучим етмаяпти”, дейди мурожаатчи аёллардан бири. Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бу аёлнинг муаммоларини эшитиб, ҳар қандай амалий ёрдам берилишини айтди. “Сизга ёрдам берадиган адвокатни ҳам ўзимиз топамиз, элчихоналар орқали ташвишингизни қонун доирасида ҳал қиламиз. 1-2 кун ичида бу масалалар ҳал қилинади”, деб айтиб ўтди.

Қўмита вакилларининг хабар беришича, ушбу икки кун ичида 195 нафар фуқаро мурожаат қилган бўлса,  шундан 170 нафар аёлдан 110 аёлни муаммоси жойида ҳокимликлар ва ҳамкор ташкилотлар билан боғланиб ҳал этилган. 60 нафар аёлга қонун доирасида ёрдам бериш учун ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича маслаҳат ва тавсиялар берилди ва ечими бўйича мутасадди ташкилотлар билан боғланилган.

Бу муаммоларни эшитар эканмиз, жамиятимизда ҳали ҳал қилиниши кўп муаммолар борлигини ҳис этдик. Бу муаммоларни ҳал этиш фақат бир инсон, бир ташкилотнинг ўзи эмас, ҳар бир муассаса, ҳар бир давлат органи, жамоат ташкилотлари ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиш лозим, бизнингча. Муаммоларнинг туб илдизларига етиб бориб, тўлақонли ҳал этилиши учун Республика Хотин-қизлар қўмитасига куч-қувват тилаб қоламиз.

Kun.uz ижтимоий масалаларни кузатишда давом этади.

Мавзуга оид