Спорт | 21:00 / 16.07.2018
32514
3 дақиқада ўқилади

Равшан Эрматов ЖЧда VAR тизими жорий этилганига муносабат билдирди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Ўзбекистонлик рефери Равшан Эрматов Россиядаги Жаҳон чемпионатидан бошлаб жорий этилган VAR технологияси хусусида ўз фикрларини билдириб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири Эрматовнинг бугун бўлиб ўтган Халқаро пресс-клуб конференциясидаги сўзларига асосланиб хабар бермоқда.

«VAR тизими бўйича биз бир ярим йил олдин ишлашни бошлагандик. Ярим йилча олдин бу тизим жаҳон чемпионатида қўлланиши тасдиқланди. Уни жорий этишдан мақсад нима? Мақсад шуки, жаҳон чемпионатидек муҳим мусобақа ўйинларида биргина ҳакамнинг вазиятни кўролмай қолиши учрашув тақдирини ҳал қилмасин, миллионлаб мухлисларнинг қайғуга ботишига сабаб бўлмасин.

VAR – бу энди биринчи қадам, холос. Мухлислар бу тизимдан кўпроқ нарсани хоҳлашмоқда. Тизим 100 фоиз тўғри ишлаяпти, десак, ёлғон бўлади. Бироқ сиз юришни ўрганмай туриб, югуриб кетолмайсиз. VAR тизими ҳам энди «юришни ўрганяпти».

VAR тизимини жуда ҳам ижобий баҳолаган бўлардим. Керакли ва фойдали инструмент, деб ҳисоблайман. У тўрттагина вазиятда қўлланилади: гол ёки гол эмаслигини, пенальти ёки ундай эмаслигини, қизил карточкага тортадими ёки йўқ, шуни аниқлашда, шунингдек, ҳакам адашиб бошқа футболчига карточка кўрсатмаслигининг олдини олишда.

Жаҳон чемпионати давомида, менимча, 2 ёки 3 маротаба бу тизимдан фойдаланилди. Кўп ўйинларда ҳакамлар VAR ёрдамисиз ҳам ўз ишларини яхши уддалашяпти. Мана, кечаги финалда ҳам битта вазият бўлди. Ҳакам борди, кўрди, ўзи ишонч ҳосил қилди ва тўғри қарор чиқарди. Бу, менимча, биринчи ўринда футболнинг шаффофлигини таъминлайдиган инструмент сифатида хизмат қилади.

Ўзбекистонда ҳам бу тизим томон секин-секин қадам қўя бошласак, ёмон бўлмасди. Чунки битта вазиятни кўрмай қолсангиз, буни одамлар ўн йиллаб эслаб юради. Лекин ўша вазиятни бориб кўриб – майли вақтингиз кетса ҳам, барибир бўлим охирида бу вақтни қўшиб берасиз-ку, - қарор қабул қилсангиз, одамларда сизга нисбатан ҳеч қандай эътироз ҳам бўлмайди, ўйин ҳам ҳалол ўтади», - деди Равшан Эрматов.

Эрматовнинг фикрларига шарҳловчи Даврон Файзиев қуйидагича қўшимча қилди:

«Ҳакамларнинг фаолиятини дорбознинг ишига қиёслаш мумкин. Дорбоз ҳам мувозанатни ушлаб охиригача бориши керак. Бу эса жудаям қийин. Биргина хато қилса, йиллар давомида унутилмайди. Мана энди ҳакамларда «страховка» пайдо бўлди. Улар ўзлари ҳам охиригача бора олишади, лекин мабодо хатога йўл қўйишса, ўша арқон уларни йиқилишдан сақлаб қолади».

Мавзуга оид