«Путиннинг осон ғалабаси»: Америка матбуоти Трампни ер билан яксон қилди
Америка нашрлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг Россия президенти Владимир Путин билан учрашувига нисбатан ўта кескин муносабат билдирмоқда. Журналистлар Америка етакчисини Путин қаршисида ожиз қолганликда айблашмоқда.
Россиянинг Америкадаги сайловларга аралашуви Путин ва Трамп учрашувини таҳлил қилган ғарб ОАВи учун асосий мавзулардан бири бўлди. The Washington Post нашри Трампнинг разведка хизмати маълумотларига қулоқ солишни истамагани Хельсинкида «Путиннинг ғалабаси» бўлганини ёзди. «Учрашув Россия президентининг сиёсатга нисбатан тажовузкорона ёндашувда эканлигини тасдиқлади», — дейилади мақолада.
Британиянинг The Guardian нашри АҚШ президенти Путиннинг Россия махсус хизматлари Америкадаги сиёсий жараёнларга аралашмагани ҳақидаги гапларига ишониб, Вашингтонда «янги оловли бўрон» пайдо қилганини қайд этди.
«Танқидчилар бу АҚШ президентининг ўта заиф чиқиши деб баҳолашмоқда, — дейилади газетадаги мақолада. — Бу Трамп нима учун Оқ уйда доим Путин ҳақида гапиришдан қочиши ҳақидаги миш-мишларни янада кучайтирди». АҚШ президенти ёқтирмайдиган CNN телеканали ҳам худди шунга ўхшаш фикрни билдирди.
Путин биринчи ўринда
The New York Times газетасининг ёзишича, «У АҚШни таҳдид солаётган кучлардан ҳимоя қилиш ўрнига душман давлат раҳбарини кўкларга кўтариб ўз фуқаролари ва институтларига ҳамла қилди».
Vanity Fair журнали шарҳловчиси Эбигейл Трейси ҳам Трампни Путинга ён босишда айблади. Учрашувга бағишланган мақола «Путин-Трамп саммити бошланмасдан туриб тугади» деган сарлавҳа остида чиқди. «Трамп учрашувни «барча учун жуда яхши бошланиш» деб атади. Аммо афтидан Путин унда биринчи ўринга кўтарилди», — деб ҳисоблайди у.
New Yorker журнали саммитни Путиннинг «енгил ғалабаси» деб атади. «Украинадаги сингари Сурияда ҳам статус-кво тўлиғича Путинга ўтмоқда. Аниқроғи, ҳозирги ишларнинг бориши унга вазиятни сифатли ўзгартириш учун харажат қилгандан кўра маъқулроқ».
Актёр ва Калифорниянинг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер ҳам саммитни танқидий баҳолади. У твиттерда Дональд Трампни танқид қилган видеомурожаатини эълон қилди.
«Президент Трамп, ҳозиргина президент Путин билан ўтказган матбуот анжуманингизни кўрдим ва бу шармандали кўринди. Сиз худди эриган макарондек, кичкина фанатдек кўриндингиз», — деди Шварценеггер.
Терговлар ва Браудер
The Washington Post нашри Путиннинг халқаро молиячи Билл Браудер ҳақидаги сўзларини келтирган. Россия президентининг сўзларига кўра, АҚШ Москвадан Америка сайловларига аралашиш иши бўйича Россия фуқароларини сўроқ қилишга рухсат олиши мумкин. Аммо Кремль АҚШ Россия ҳудудида товламачилик қилишда айбланаётган Браудернинг америкалик ҳамкорларини сўроқ қилишга рухсат беришини кутади.
Hermitage Capital компанияси раҳбари Браудер «Магнитский иши» бўйича фигурантлардан бири ҳисобланади. Браудернинг ўзи ABC телекомпаниясига берган интервьюсида Трамп Путин билан умуман учрашмаслиги кераклигини айтганди.
Сурия масаласи
Ғарб матбуоти Сурия масаласига ҳам эътибор қаратди.
CNBC телеканалига берган интервьюсида Россия бўйича эксперт Кристофер Грэнвилл саммит якунларидан келиб чиқиб Сурия можаросига барҳам берилиши мумкинлигини қайд этди.
ABC телекомпанияси эса Путин Сурия ҳақидаги саволлардан сўнг Трампга футбол тўпини совға қилганига эътибор берди: бу Сурия масаласини ҳал қилишда «тўп унинг томонида» эканлигини англатади.
Россия президенти Сурия муаммосининг ҳал этилиши қочоқлар билан боғлиқ вазиятни яхшилаши мумкинлигини билдирганди. The Washington Post нашрининг фикрича, Европа раҳбарлари бу учрашувдан сўнг трансатлантик хавфсизликдан хавотирланишмоқда.
«АҚШ заифдек кўринди ва бу Путинни кучайтириши мумкин», — деди нашрга берган интервьюсида НАТОнинг юқори мартабали дипломатларидан бири.
Мавзуга оид
20:43 / 13.11.2024
«Мосфильм» киностудияси ўз омборидаги танкларни Россия армиясига топширди
22:15 / 12.11.2024
ОАВ: Путин Трампнинг инаугурациясигача Курскни қайтаришни буюрди
13:11 / 12.11.2024
Сиёсатшунос Галлямов: Трамп Путин учун тузоқ қўймоқда
09:58 / 12.11.2024