Биз нега бу Францияни севиб қолмадик?

Фото: Спорт Экспресс
«Ориат Доно» радиосидаги «Футбол плюс» дастурининг кечаги сонида шарҳловчи Даврон Файзиев қизиқ бир гап айтди. Якунланган жаҳон чемпионати ғолиби ҳақида фикр билдирар экан, Даврон французларнинг у қадар ёрқин ўйин кўрсатмаганликларини таъкидлади ва айнан шу чемпионатдан кейин «қойил, ана энди мен ҳам Франция мухлисиман» дейдиганлар кўп топилмаслигини айтди. Мен бу фикрга тўлиқ қўшиламан.
Шу ўринда ўйлаб ҳам қолдим, бирор жамоа мухлисига айланиш қандай шартлар асосида амалга ошади? Жамоа жуда кучли ва ҳужумкор ўйнаши керакми? Ёки ажойиб финтлар ва комбинациялар мухлисларни ўша жамоа беморига айлантирадими? Нима деб ўйлайсиз?
Масалан, мен кейинги ҳаётим учун ўзимга терма жамоа танлаган 1994 йилги мундиалда Италия терма жамоаси мухлисига айланиб қолганман. Ўша Италия у қадар кучли эмасди, чиройли ўйнамасди. Гуруҳда тўрт жамоа бир хил очко тўплаб, бир хил тўплар нисбатига эга бўлган - бечора Норвегия камроқ гол ургани учун сўнгги ўринни эгаллаб қолган холос. Нигерияни фақат сўнгги дақиқадаги гол эвазига ҳисобни тенглаштириб, кейин ютиб кетишганди. Болгария билан ўйин чемпионатнинг энг зерикарли ўйинларидан бири бўлганди, финал ҳам.
Ёки аксарият «Манчестер Юнайтед» мухлисларидан сўрасам, ўша машҳур 1999 йилги финални ёдга олишади ва айнан ўша оқшом «қизиллар»га мухлис бўлиб қолганликларини айтишади. Аслида ўша ўйинда Фергюсон шогирдлари рақибдан анча кучсиз ўйнашган, «Бавария»га ачиниш керак эди кўпроқ, назаримда. Ёки 2005 йилдаги Истанбул оқшоми ҳам «Ливерпуль» мухлислари сонини каррасига ошириб юборган. Хўш, бу саналган жамоаларнинг умумийлиги нимада?
Комбинацион футбол? Йўқ. Кучли ўйин? Йўқ. Юлдуз футболчилар? Унчаликмас. Менимча, бу жамоалардаги умумийлик - эмоция. Ҳис-ҳаяжон. Бу жамоалар ўша турнирда ёки ўйинда мухлисларга ҳаяжон тақдим эта олишган. Умуман, бирор обьектни ёқтириб қолиш, унинг мухлисига айланиш эмоционал жараён - ўша пайтда ҳис қилинган туйғулар бирламчи вазифани бажаради.
Ўша Италияга қайтсак. Сўнгги дақиқаларда бир киши кам бўлиб турган ҳолда, ҳисобни тенглаштириш томошабинга қандай кучли эмоция берганини тасаввур қила оласизми? Баджонинг хатоси ёки? «Манчестер Юнайтед» ва «Ливерпуль»нинг бир қарагандаги имконсиз вазияти-чи?
Биз ўзимиз эслайдиган жаҳон чемпионларига яхшилаб эътибор берсак, ҳар бир турнирда бу жамоаларнинг ёрқин, эсда қоларли, ҳаяжонли лаҳзаларини айтиб бера оламиз. Тўрт йил олдинги чемпион ҳақида гап борганда, табиийки, Бразилия устидан қозонилган 7:1 эсга келади. Африкадаги мундиалда Испания илк ўйинда мағлубиятга учраганди, кейинги ҳар бир ўйинда дор устида юрди. Гуруҳдаги сўнгги ўйингача испанларнинг кейинги босқичга чиқишлари аниқ эмасди. Кейин Парагвай, Португалия...
ЖЧ-2006даги Италия-ку, турган битгани ҳаяжондан иборат. Майдон эгалари билан ажойиб қўшимча вақтлар, Австралияга қарши ўйинда бир киши кам ўйнаб туриб, пенальти ёрдамида аранг пенальтилар сериясидан қутулиб қолиш, гуруҳда АҚШ билан асаблар жанги... Финал эса, менимча, сўнгги ўттиз йилдаги энг зўр финал бўлганди.
Шу жиҳатдан олганда, ростан ҳам, Россиядаги Франциянинг ўйинларидан бундай дақиқаларни топиш мушкул. Гап Франциянинг зерикарли ёки ҳимоявий ўйинида эмас. Шунчаки, Франция қийин вазиятларга тушмади, улардан қаҳрамонларча чиқиб кетмади, мухлисларга эмоция улашмади, ўша ҳал қилувчи голни уриб югуриб кетаётган юлдузни тақдим этмади. Ҳатто ўша Аргентина ҳисобда олдинга чиқиб олган вазиятда ҳам, Франция хотиржам, ҳаммасини назорат қилаётгандек туюлганди.
Шунинг учун ҳам Бельгия ёрқинроқ ўйнагандек туюлмоқда. Аслида, эсланг, Японияга қарши дастлабки 70 дақиқа ғирт масхарабозлик эмасмиди? Лекин ўша сўнгги дақиқалардаги голлар бизга завқ улашди, ўйиндан кўнгил тўйганлик ҳиссини тақдим этди, ҳаяжонлантирди, табиий равишда, Бельгиядан «рози бўлдик». Франция рақибига бельгияликлар японларга тақдим этганчалик имкониятни бермаса айбдормас, тўғрими?
Аслида фақат 1:1 ўйнайверган Хорватияни ёқтириб қолганимиз ҳам шундан, бу жамоа ҳам у қадар ҳужумкор эмасди, «прагматик эмасди, мухлислар учун ўйнади» деб ҳам айтиш қийин, Перишич ижросида бирорта ҳам товон билан пасни кўрмадик, гап бунда эмас - Хорватия ҳар бир ўйинда бизга эмоция тақдим этди. Ўйин якунига бўлган қизиқиш, сценарий бўйича биз хорватлар иштирокидаги ўйинлардан кўнглимиз тўлди, шу холос.
Романтикалар юрти Франция ўз характерига терс равишда, кубокни севиб қолмади, ҳажрида куйиб, муҳаббати учун курашмади, бизни сўнгги дақиқаларгача хаяжонда ушлаб турмади, кўз ёшлар тақдим этмади. Шунчаки, совчи жўнатди, учрашди ва тўй. Жуда зерикарли фильм, ҳақиқатан ҳам.
Қайсидир маънода бу Франция 2002 йилдаги Бразилияни эслатиб юборади. Аслида Рональдиньодек футболчиси бўлган Бразилияни зерикарли дейиш бироз ғалати туюлади, аммо ростан ҳам, ўша Бразилиянинг хусусияти рақибларига ҳеч қандай имконият бермагани, ҳаяжонли ўйинларнинг бўлмаганида эди. Фаворитларнинг кутилмаган иштироклари жиҳатидан ҳам жуда ўхшаш чемпионат бўлганди, менимча.
Нидерландия ўшанда ҳам чемпионатга бора олмаган, чемпион Франция ва Аргентина гуруҳда қолиб кетган. Португалия ҳам. Италия ва Испанияни Жанубий Корея чиқариб юборган. Бразилиянинг чекига фақат бир киши кўп ўйнаб ҳам умуман қаршилик қила олмаган Англия ва авлодлар алмашинувини амалга ошираётган Германия қолганди.
Ўша Бразилия ҳақида эслаганимда ҳам, катта ўйинларсиз, жуда осонлик билан чемпион бўлган жамоа кўз олдимда гавдаланади. Мен ҳам ўша турнирдан сўнг, Бразилиянинг мухлислари кўпайиб кетмаган бўлса керак деб ўйлайман.
Аммо биласизми, бошқа нарса ҳам бор. ЖЧ-2002 деганда беихтиёр хаёлимга Бразилия келаверади. Симен дарвозасини узоқдан нишонга олаётган Роналдиньо, финалда Оливер Канни доғда қолдирган Роналдо, Бельгияни уйига жўнатиб юборган Ривалдо... Ахир эслашга арзигулик бошқа воқеалар ҳам бор эди, ўша турнир жуда кўп эмоцияларни тақдим этган: Туркиянинг узоққа бориши ёки Кореянинг ғалабалари, Сенегалнинг жасорати, кучли терма жамоаларнинг бирин-кетин чиқиб кетишлари... Лекин.
Аслида Франция жуда катта ишни амалга оширди. Гўёки чемпионни хорватларнинг иродаси, Россиянинг шижоати, япон ёки корейсларнинг мўъжизалари сояда қолдираётгандек туюлса-да, кайфимиз тарқаб, ҳис-ҳаяжон ўрнини қуруқ хотира эгаллаган қандайдир ўн йилдан кейин, ортда қараганимизда Мбаппени, Гризманни, Погбани кўрамиз... Ишонаверинг.
Қаҳрамон Асланов
Тавсия этамиз
Осиё кубоги ғолиблари тантанали кутиб олинди — фото
Спорт | 23:22 / 21.04.2025
“Gentra – қоронғилик тимсоли” – Миршакар Файзуллоев
Ўзбекистон | 19:25 / 20.04.2025
АҚШда бир ой ичида минглаб талабаларнинг визалари бекор қилинди
Жаҳон | 23:47 / 18.04.2025
Тошкент вилоятидаги баъзи йўлларда рухсат этилган тезлик 80 км/соатгача чекланди
Ўзбекистон | 23:28 / 18.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
АҚШда терроризмда гумонланиб ҳибсга олинганлар сони 655 фоизга ошди
Жаҳон | 18:19
-
Таълим тили ўзбек тили бўлмаган синф битирувчилари ҳам давлат тилидан имтиҳон топширади
Ўзбекистон | 18:01
-
Таклифи инобатга олинмаган либераллар, нормани қатъий ҳимоя қилган ташаббускорлар – қонунчилик палатаси ялпи мажлиси қандай ўтди?
Ўзбекистон | 18:00
-
Еврокомиссия Apple ва Meta’ни 700 млн евро жаримага тортди
Жаҳон | 17:55
Мавзуга оид

02:01 / 15.12.2022
ЖЧ-2022. Франция Марокашни мағлуб этиб, иккинчи финалчига айланди

02:08 / 11.12.2022
ЖЧ-2022. Франция Англияни мағлубиятга учратиб, яримфиналнинг сўнгги иштирокчисига айланди

22:05 / 04.12.2022
ЖЧ-2022. Франция Польшани мағлуб этиб, чоракфиналга йўлланма олди

23:10 / 26.11.2022