Жаҳон | 22:34 / 19.07.2018
4945
2 дақиқада ўқилади

Мадрид Пучдемоннинг ҳибсга олинишига халқаро ордерни бекор қилди

Фото: EFE

Испания олий суди судьяси Пабло Лларена Каталониянинг собиқ 6 нафар сиёсатчиси –  Карлес Пучдемон, Тони Комин, Меритксел Серрет, Луис Пуиг, Клара Понсати ва Марта Ровиранинг ҳибсга олинишига халқаро ордерни бекор қилди. Бу ҳақда La Vanguardia нашри маълум қилди

Каталониянинг собиқ етакчиси Пучдемон ҳибсга олинишдан қутулиб қолиш учун аввал Бельгияга қочган, у ердан Германияга жўнаган. 

Испаниялик судья Германия суди Пучдемон исённи ташкиллаштириш айблови билан Испанияга қайтарилмаслиги ҳақида қарор чиқаргандан кейин халқаро ордерни бекор қилган. Немис суди Пучдемон давлат маблағларидан нотўғри фойдаланиш учун суд қилинсагина, уни қайтаришга рози бўлган.  

Шу билан бирга Пучдемоннинг ҳибсга олиниши бўйича испан ордери ўз кучида қолган. У эркин тарзда чегарадан ташқарига чиқиши мумкин, бироқ Испания ҳудудига кириши билан ҳибсга олинади.

Пучдемонга давлат пулларини суиистеъмол қилиш айблови бўйича 12 йиллик қамоқ жазоси хавф солмоқда. Исён кўтариш бўйича айблов эса 15 йилдан 25 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутади.

Барча айбловлар Мадрид томонидан ноқонуний деб тан олинган, Каталония мустақиллиги бўйича референдум ўтказилиши билан боғланган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид