Иқтисодиёт | 11:43 / 21.07.2018
3927
2 дақиқада ўқилади

Ўзмиллийбанк Франциянинг NATIXIS банки билан музокаралар ўтказди

Фото: Ўзмиллийбанк

2018 йил 20 июль куни Париж шаҳрида, Ўзбекистон Республикаси ва Франция Республикаси ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши доирасида Ўзмиллийбанкнинг NATIXIS (Натиксис) банки билан музокаралари бўлиб ўтди.

Музокаралар давомида инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун лойиҳаларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди. Улар Франция ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатларидан юқори технологик ускуналар ва хизматлар импорт қилинишини ўз ичига олади.

Шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорлик, экспортни молиялаштириш соҳасидаги битимлар ва стратегик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

NATIXIS банки билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга янги суръат бағишлайди ва француз бизнесининг Ўзбекистонга киришига ёрдам беради.

Маълумот учун, NATIXIS банки BPCE Group таркибига киради ва Франциянинг тўртинчи йирик банки ҳисобланади.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид