Депутатлар кўп квартирали уйларда яшаш тартибини белгиловчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда
Ўзбекистонда 32,4 минг кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи 4 мингдан ортиқ хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари мавжуд бўлиб, бугунги кунда юртимизда уй-жойлар қурилиши ва реконструкцияси тобора кенгаймоқда. Аҳолининг демографик ўсиш суратларига қарамасдан айни пайтда уларни уй-жой билан таъминлаш даражаси жон бошига 15,2 кв.ни ташкил қилмоқда. Таққослаш учун яна бир рақам: 1991 йилда мазкур кўрсаткич 12,4 кв.м эди.
Бугунги кунда уй-жой қурилиш соҳаси фаол ривожланиши баробарида ўз ечимини кутаётган янги масалалар ҳам пайдо бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, уларни ҳал этишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Таъкидлаш жоиз, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқиш ва тартибга солиш мақсадида "Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳам белгиланган.
2018 йил 24 июль куни парламент қуйи палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари кўмитаси ЎзЛиДеП фракцияси билан биргалиқда ташкил этган муҳокамаларда кўп квартирали уйларнинг умумий мулки ҳамда турар ва нотурар жойлардан фойдаланиш, уларни сақлаш бўйича мавжуд муаммолар эътибор марказида бўлди.
Тадбирда депутатлар томонидан кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан фойдаланиш, уларни сақлаш соҳасида сезиларли натижаларга эришиш учун жойларда ҳақиқий аҳволни ўрганиш, амалиётда учрайдиган долзарб масалаларни ва аҳолининг бу борадаги фикрлари ва таклифларини таҳлил қилиш асосида қонунчиликни такомиллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Депутатларнинг фикрига кўра, уй-жой ва коммунал соҳада фойдаланилмаган имкониятлар ва камчиликлар мавжуд. Хусусан, умумий мулкдан фойдаланиш, уларни сақлаб туриш, уйларнинг ташқи фасад архитектурасининг бузилиши, тез тиббий ёрдам ва ёнғин хавфсизлиги техникалари ўтишига халақит қилувчи ноқонуний қурилишлар, рухсат этилмаган жойларни ўраб олиш каби масалалар бугун жуда долзарб.
Соҳадаги муаммоларнинг ечимига кўмаклашиш мақсадида бевосита жойларга чиқиб, аҳоли билан бевосита мулоқотлар натижаси ўлароқ Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Кўп квартирали уйларда турар ва нотурар жойлардан, умумий мулкдан фойдаланиш ва уларни сақлаш тартиби тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва унинг нормалари қўмита аъзолари, ЎзЛиДеП фракцияси депутатлари, соҳа мутахассислари, экспертлар иштирокида муҳокама этилди.
Қонун лойиҳасида уй-жой мулкдорларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари белгиланмоқда. Шунингдек, кўп квартирали уйларда умумий мулкни техник ва санитар сақлаш, жорий ва мукаммал таъмирлаш, инженер-муҳандислик тизимлари сақланувчанлигини таъминлаш, санитар-эпидемиологик ва техник талабларга риоя этилиши, уй-жойга тегишли ҳовли атрофини ободонлаштириш каби масалалар акс эттирилмоқда.
Шу билан бирга, қўп квартирали уйда таъмирлаш, қайта режалаштириш ва қайта жиҳозлаш ишларини ўтказишда белгиланган талабларга риоя этилиши, қурилиш ишларини ўтказишда шовқин даражаси кўрсаткичларига риоя этилиши каби нормалар лойиҳада келтирилган.
Қонун лойиҳасида кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини бошқаришда фуқароларнинг, мулкдорларнинг ва умумий мулкни эксплуатация қилишни амалга оширувчи ва бошқарувчи ташкилотлар ҳамда хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларига ҳам талаблар қўйилмоқда.
Мавзуга оид
12:00 / 25.10.2024
Сайлов яқин, партиялар нималарни ваъда қилади? – Кун дебати
18:23 / 26.08.2024
Қийноқ оқибатидаги ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилади
12:34 / 26.07.2024
Ўзбекистонда илк бор депутатлар сайлови аралаш тизимда ўтади
10:00 / 06.07.2024