Ўзбекистон | 00:41 / 24.07.2018
78505
2 дақиқада ўқилади

"Тўйда пул сочиш". Урфга айланаётган иллатлар таъқибидан қочмаймизми?

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар тўйлар бўйича бир қарорга келганди. Қайд этилишича, тўй-ҳашам ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам ўтказишни йўлга қўйишга муайян меъёрий ҳужжат билан эмас, одамлар ўртасида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот, шахсий ибрат, намунали тадбирлар мисолида эришиш ҳар жиҳатдан фойдали экани билдирилган. 

Ушбу қарор эълон қилинганига кўп бўлмасдан, тўйларда пул сочиб машҳур бўлаётган самарқандлик йигит ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Сенаторларнинг фикрича, оилавий тадбирларни миллий қадриятлар асосида, камхарж, дабдабалардан холи ўтказишни кенг жамоатчилик ва ҳар бир инсон онгли равишда англаб етмоғи лозим.​ Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларга кўра, тўй ва шу каби оилавий тадбирларга сарфланаётган пуллар иқтисодий драйв яратиб, анча-мунча оиланинг қора қозонини қайнатади. Лекин, тўйда пул сочиш-чи?

Очиғи, кимнидир "айбдор"га чиқариб, танбеҳ беришдан йироқмиз. Минг қилса ҳам эркин фуқаролик жамиятини қуриб, ўзбекча демократия моделини илгари суряпмиз. Биз орзу қилган жамиятда фуқаролар нимани истаса, шуни бажаради, фақат қоидани бузмаса бас. Қолаверса, шарқда бировнинг чўнтагидаги пулни ҳисоблаш одобдан эмас. 

Шунга қарамай, мақсадсиз, дабдабага берилган кишилар билан жамият кўзлаган узоқдаги маррага етиб бориши ҳам қийин. Исрофгарчиликка қарсак чалган халқ инъом этилган неъматларнинг қадрига етмайди. Серғайрат, тиришқоқ, энг муҳими билимли ва ҳалол ёшлар сув ва ҳаводек зарур бўлган жамиятда иллатларга қарши курашиш мақсадга мувофиқ бўларди.

Мавзуга оид