Papa Johnʼs асосчиси истеъфога чиқарилганидан сўнг ўз компаниясини судга берди
Papa Johnʼs пиццериялар тармоғи асосчиси Жон Шнаттер ўз компанияси устидан Делавэр штати судига арз қилди, деб хабар берди CNBC. Шнаттер компаниядан унинг Papa John's директорлар кенгаши раиси лавозимидан бўшатишга алоқадор ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилмоқда.
У директорлар кенгашини бошбошдоқликда айбламоқда. Papa Johnʼs асосчисининг фикрича, кенгашнинг мустақил аъзолари ёки етарлича маълумотларсиз ҳаракат қилишган ёки «тўнтаришни аввалдан режалаштиришган».
«Компания бизнес билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш билан шуғулланиш ўрнига аслида нима бўлганини очиб берувчи фактларни яширмоқда. Улар ўз муваффақиятсизликларини беркитиш мақсадида жаноб Шнаттердан фойдаланишган», деди унинг адвокати Пэтти Глейзер.
Эслатиб ўтамиз, 56 ёшли Шнаттер май ойида ходимлари билан ёпиқ мажлис ўтказган чоғида АҚШда қора танлилар учун ҳақорат деб қабул қилинадиган сўзни ишлатгани ОАВда тарқалганидан сўнг танқидлар остида қолганди. Бизнесмен узр сўраган ва охир-оқибат Papa John's директорлар кенгаши раиси лавозимини тарк этганди.