14:33 / 30.07.2018
3967

«Сўғдиёна» Қўқонда қандай «ўлдирилди» - баҳсли пенальти видеоси

Суперлиганинг 19-турида «Қўқон-1912» Жиззахнинг «Сўғдиёна» жамоасини қабул қилди ва 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

82-дақиқада, ҳисоб 1:1 бўлиб турган вазиятда, мезбонлар футболчиси Қувондиқ Рўзиев жарима майдонига кириб бориб, йиқилди. Вазиятга яқин турган бош ҳакам Аҳрол Рисқуллаев эса зудлик билан пенальти белгилади. Мурод Холмуҳамедов 11 метрли нуқтада адашмади ҳамда жамоасига ғалаба келтирган голга муаллиф бўлди.

Ўйиннинг шарҳига бағишланган видеода бу вазиятни 3-дақиқа 50-сониядан бошлаб кўриш мумкин. Рўзиев катта тезликда жарима майдонига кирган ва чиройли тарзда «шўнғиган». Уни таъқиб қилиб келаётган ҳимоячи эса ҳеч қандай қўполлик қилмаган. Пенальти белгиланганидан сўнг, жиззахлик футболчилар ҳакамнинг ноҳақ қароридан ғайритабиий равишда қаттиқ дарғазаб ва норози бўлганини кўриш мумкин. 

Қайд этиш керакки, қўқонликлар ушбу мавсумда саккизинчи марта пенальтидан гол урмоқда. Жамоанинг мавсумда урган голларининг қарийб ярми ҳакамлар 11 метрли нуқтани кўрсатганидан кейин урилган.

Top