Жамият | 11:11 / 01.08.2018
13496
3 дақиқада ўқилади

Кўкрак сути билан озиқлантириш: ҳаёт пойдевори

Августнинг биринчи ҳафтаси Жаҳон кўкрак сути билан озиқлантириш ҳафталиги сифатида 170дан ортиқ мамлакатда, жумладан Ўзбекистонда ҳам нишонланади. Ҳафталикнинг бу йилги мавзуси – «Кўкрак сути билан озиқлантириш: ҳаёт пойдевори».

Кўкрак сути билан озиқлантириш ҳар бир боланинг ҳаёти адолатли бошланишининг кафолатидир. Ушбу ижобий амалиёт ҳам қисқа, ҳам узоқ муддатли даврда чақалоқлар ва болаларнинг, шунингдек оналарнинг ҳам саломатлиги, ривожланиши ва фаровонлигини яхшилайди.

Кўкрак сути билан озиқлантириш болалар ўлими кўрсаткичини пасайтиради ҳамда катта бўлганда ҳам соғлом бўлишга ёрдам беради. Бола ҳаётининг дастлабки 6 ойида уни фақат она сути билан боқиш, кейинчалик эса у 2 ёш бўлгунига қадар ва ундан кейин ҳам эмизишни давом эттириб, тегишли қўшимча озуқа бериш тавсия қилинади.

Гўдакларни кўкрак сути билан озиқлантириш улар учун ҳам, эмизикли оналар учун ҳам когнитив ва тиббий афзалликларга эга эканлиги исботланган. Дунё миқёсида чақалоқлар ўлимининг асосий сабаби бўлган диарея ва пневмония касалликларининг олдини олишга ёрдам бериши туфайли бу бола ҳаётининг дастлабки 6 ойида муҳим аҳамият касб этади.

Она сути бола учун биринчи вакцина вазифасини бажаради. У бола жисмида қон плазмасининг оқсил бирикмаларини юзага келтиради. Кўкрак сути гўдакни яхши озиқлантириш асосидир. Тавсия қилинган эмлаш календарига мувофиқ болани вақтида эмлатиш билан бир қаторда кўкрак сути билан озиқлантириш уни касалликлардан ҳимоя қилишнинг самарали воситаси бўлиб ҳисобланади.

Ушбу ижобий амалиёт миллий иқтисодиётнинг ривожланишига ҳам ҳисса қўшади. Унинг оналар ва болалар учун афзалликлари мамлакатнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги харажатларни камайтиради ҳамда келгусида меҳнатга лаёқатли соғлом ишчи кучининг шаклланишига ёрдам беради. Кўкрак сути билан озиқлантиришни қўллаб-қуватлашга сарфланган ҳар бир АҚШ долларининг иқтисодий самараси 35 АҚШ долларига тенг.  

Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда 6 ойгача бўлган болаларни истисносиз кўкрак сути билан озиқлантириш кўрсаткичи 61,76 фоизни ташкил этган. Энг юқори кўрсаткичлар Бухоро вилоятида ва Қорақалпоғистонда кузатилиб, тегишли равишда 91 фоиз ва 88,54 фоиз бўлган. Энг паст кўрсаткич Тошкентда кузатилган – 41,83 фоиз.

ЮНИСЕФ Ўзбекистон Ҳукуматига аёллар ва болалар озиқланишини янада яхшилаш борасида кўмак бермоқда. 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ тарихда биринчи бор озиқланиш соҳасида миллий тадқиқот ўтказди. Бу микроэлементлар етишмовчилиги, репродуктив ёшдаги аёллар, эмизикли ва кичик ёшдаги болаларнинг озиқланиш амалиёти бўйича маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш имконини берди. Мазкур маълумотлардан аҳолининг, жумладан унинг энг эҳтиёжли қатламларининг озиқланиш даражасини яхшилаш бўйича асосланган қарорлар қабул қилишда фойдаланилади.

Мавзуга оид