Ўзбекистон | 19:48 / 03.08.2018
16066
5 дақиқада ўқилади

Мактабда ишловчи пенсионерларга 100 фоиз пенсия тўлаш режалаштирилмоқда

Фото: УзА

Қонун ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими порталида президентнинг «Халқ таълими тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Ҳужжатда юқори тоифали мутахассислар учун халқ таълими муассасалари жозибадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш назарда тутилган, деб ёзади Norma.
 
Таълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилади

Васийлик кенгашларини тугатиш ва юридик шахсни ташкил этмайдиган халқ таълими муассасаларининг кузатув кенгашларини ташкил этиш ташаббуси билан чиқилган. Янги тузилмалар ота-оналар қўмиталари вакиллари, педагог ходимлар, битирувчилар ва ҳомийлар, шунингдек фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан ташкил топади. 

Қуйидагиларни кузатув кенгашларининг асосий вазифалари этиб белгилаш таклиф этилмоқда:

• таълим муассасалари директорларини Халқ таълими вазирлиги тавсия этган номзодлар орасидан танлаб олиш, шунингдек уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш бўйича таклифлар киритиш;
• таълим муассасасини ривожлантиришга доир устувор йўналишларни белгилаш бўйича таклифлар киритиш;
• таълим муассасаси фаолиятини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чоралар, унинг молиявий-хўжалик фаолияти, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағларни сарфлашдан даромадлар ва харажатлар тўғрисида директорларнинг ҳисоботларини вақти-вақти билан эшитиш;
• йиллик молиявий режалар ва харажатлар сметаларини келишиш;
• таълим муассасаси директорининг тақдимномасига асосан кўрсатиладиган пуллик хизматлар тарифлари, таълим муассасаси хоналари ва бошқа мол-мулкининг ижара ҳақи миқдорларини тасдиқлаш;
• таълим сифати, ўқитувчиларнинг билими ва педагоглик маҳорати, ўқувчилар учун яратилган шарт-шароитлар устидан тизимли мониторинг ўрнатиш;
• ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, уларнинг педагог ва раҳбар кадрлар ҳақидаги фикрларини синчиклаб ўрганиш мақсадида ижтимоий сўровлар ўтказиш.
 
Халқ таълими муассасалари фақат ХТВга бўйсунади
 
Халқ таълими муассасаларининг барчаси фақат Халқ таълими вазирлигига бўйсунишини белгилайдиган тартибни жорий этиш таклиф этилмоқда. Халқ таълими вазирига маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари билан келишувсиз Қорақалпоғистон Республикаси ХТВ, вилоят халқ таълими бошқармалари ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси раҳбарларини, туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари бошлиқларини, шунингдек Вазирликка бўйсунадиган бошқа ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш ҳуқуқини бериш режалаштирилмоқда.  

Халқ таълими тизими муассасаларида текширувлар ўтказиш регламенти ва жадвалларини ишлаб чиқиш кўзланган. Барча текширув органлари тегишли ҳудудлардаги халқ таълими муассасалари, шунингдек уларнинг ходимлари ва педагоглар фаолияти рухсатсиз текширилишини ташкил этганлиги учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа назорат органлари раҳбарлари шахсан жавобгар бўладилар.

Таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларга нисбатан илк бор содир этган қонунбузарликлари учун молиявий жарималар қўллашга уч йиллик тақиқни жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқиш ташаббуси билан чиқилди. Ўқувчиларнинг билим ва кўникмалари даражасини уларнинг малакасини белгиловчи асосий мезон этиб белгилаш таклиф этилмоқда.
 
«Замонавий мактаб» лойиҳаси амалга оширилади
 
2019 йил 1 январгача компьютерлаштирилган ва технологик синфлар, лабораториялар, барча санитария талабларига жавоб берадиган ошхоналар, спорт-соғломлаштириш комплекси, видеокузатув тизими ва ўқувчиларнинг индивидуал ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун бошқа шарт-шароитларни назарда тутувчи «Замонавий мактаб» лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. У хорижий экспертлар ва лойиҳа ташкилотлари иштирокида амалга оширилади. 2019-2020 йилларда лойиҳа доирасида камида битта мактаб қуриш режалаштирилмоқда.
 
Мактаблар юқори тоифали мутахассислар учун янада жозибали бўлади
 
Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Халқ таълимидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармаси ташкил этилади. 2018 йилда халқ таълими тизимини ислоҳ қилишга доир устувор вазифаларни амалга ошириш учун унга 100 млрд сўм миқдорида бюджет маблағларини ажратиш режалаштирилмоқда. Бундан буён жамғарма маблағлари жадвалда кўрсатилган тарзда шакллантирилиши ва сарфланишини белгиловчи тартибни жорий этиш таклиф қилинмоқда:

2019 йил 1 январдан пенсионерлар – халқ таълими муассасалари ходимларига тўлиқ миқдорда пенсия тўлаш таклиф этилмоқда.
 
Шу пайтдан эътиборан умумтаълим муассасалари раҳбарларини пуллик хизматлар кўрсатишдан келиб тушадиган қўшимча даромадларнинг 10%игача миқдорида моддий рағбатлантириш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. 
 
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.

Мавзуга оид