Ўзбекистон | 20:52 / 03.08.2018
8535
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пенсионерлар учун ID-card жорий этилади 

Фото: KUN.UZ

Айни вақтда пенсионерларнинг электрон гувоҳномасини (ID-card) жорий қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Молия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Картадан пенсия ва нафақа олувчилар шахсини тасдиқлаш ҳамда нақд пул шаклидаги тўловлари автоматлаштириш мақсадида фойдаланилади. 

Шунингдек, 2018 йил якунига қадар корхоналар пенсионерни ишга қабул қилганлиги тўғрисида Пенция жамғармасига фақат электрон шаклда хабар юбориш имкониятини яратиш орқали қоғоз шаклида маълумот алмашинувидан буткул воз кечиш режалаштирилган (амалдаги қонунчилик талабларига асосан пенционер ишга қабул қилинганда корхона раҳбари 5 кун ичида Пенсия жамғармасига буйруқ нусхасини тақдим этиши ва иш жойидан пенсия тўловини амалга ошириши шарт). 

Хабарда бугунги кунда «Пенсия» дастурий мажмуаси ва тегишли вазирлик ҳамда идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилиши натижасида нималарга эришилгани айтилади.

Биринчидан, Халқ банки билан пенсия ва нафақа олувчиларнинг тўлов қайдномаларини юбориш, тўланган (тўланмаган) пенсия ва нафақалар тўғрисида маълумот алмашиш фақат электрон шаклда амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида, тўлов қайдномаларини сохталаштириш олди олиниб, пенсия ва нафақа тўловлари устидан кунлик назорат ўрнатилди. 

Иккинчидан, барча тижорат банклари билан банк пластик карталари орқали пенсия ва нафақа олувчиларни маблағларини уларнинг ҳисоб рақамларига юклаш бўйича электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Бу орқали қоғоз шаклида тўлов қайдномаларидан тўлиқ воз кечилиб, нақд пулсиз шаклда пенсия ва нафақа олувчиларга маблағларни ойнинг 2-5 санасига қадар тўлаш имконияти яратилди. 

Учинчидан, Давлат солиқ қўмитаси билан йўлга қўйилган ахборот алмашинуви ҳар ойда ўртача 27 мингдан ортиқ корхоналар томонидан ишловчи фуқароларга пенсия ва нафақа тўловлари учун талабномаларни Пенсия жамғармасига келмасдан электрон шаклда тақдим этишига, шунингдек жамғармага мажбурий бадаллар тўлови бўйича ҳисоботларини қисқаришига шароит яратди. 

Тўртинчидан, Адлия вазирлиги (ФҲДЁ) тизими билан ўрнатилган маълумот алмашинуви бола туғилганда ва дафн маросимлари учун нафақаларни тезкорлик билан тайинлаш ҳамда жамғарма ва давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланишини таъминлади. 

Бешинчидан, Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ТМEК) тизими билан йўлга қўйилган маълумот алмашинуви ногиронлиги бўлган шахсларга пенсия ва нафақаларни ўз вақтида тайинлаш ҳамда ногиронлик ўзгариши ҳолатини автоматик мониторинг қилиш имкониятини яратди. 

Олтинчидан, амалиётга жорий қилинган «СМС-пенсия» хизмати орқали фуқароларга уларнинг пенсия миқдорлари, тўлов амалга оширилганлиги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси президенти фармонига асосан оширилган пенсиялар тўғрисида бепул СМС хабарларни олиш имконияти яратилди (бугунги кунда 1,8 млн нафар пенсия ва нафақа олувчилар ушбу хизматга обуна бўлган). 

2018 йилдан 1 июнь бошлаб пенсия таъминотига оид 4та (суюнчи ва дафн нафақасини тайинлаш, пенсия тайинланганлик ва миқдори тўғрисида маълумотнома олиш) хизматлар давлат хизматлари марказлари орқали олиб борилмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид