Ўзбекистон | 17:39 / 10.08.2018
14101
2 дақиқада ўқилади

Республика ОИТСга қарши кураш марказига янги директор тайинланди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида янги лавозим тайинлови рўй берди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати хабар бермоқда.

Тиббиёт фанлари доктори Қаҳрамон Йўлдошев республика ОИТСга қарши кураш маркази директори этиб тайинланди.

Унга, биринчи навбатда, ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, унинг профилактикасини ўз вақтида амалга ошириш, диагностика ва даволаш стандартларини қайта кўриб чиқиш, замонавий ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш, бу касаллик билан самарали кураш ва беморларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш сифатини тубдан яхшилаш, бу инфекция билан шифохонада ичида касалланишни рўйхатга олиш ҳолатларини камайтириш бўйича вазифалар юкланди.

Шунингдек, у ҳозирги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда мутахассислар малакасини ошириш, иммунология, вирусология ва эпидемиология йўналишларида илмий ишларни ривожлантириш каби қатор барқарор вазифаларни бажариш учун масъул ҳисобланади.

Шу билан бирга, аҳоли ўртасида бу касалликка қарши самарали тарғибот ишларини кучайтириш, нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳам унинг вазифасига киради.

Қ. Йўлдошев бундан аввал Тошкент Врачлар малакасини ошириш институтининг Тиббий профилактика факультети декани лавозимида ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ республика ОИТСга қарши кураш маркази директори лавозимида ишлаб келган Нурмат Отабеков Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори лавозимига тайинланганди.

Бундан ташқари, Зулфия Абдураҳмонова 2-сон Республика клиник шифохонаси бош врачи лавозимига тайинланди.

Мавзуга оид