Ўзбекистон | 12:33 / 13.08.2018
11168
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда пиёдалар ўтиш жойларида автомобиллар тезлиги 30 км/соатгача пасайтирилиши мумкин

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж. Ортиқхўжаевнинг ташаббуси билан ҳокимият маъмурияти вакилларининг Тошкент шаҳар ИИББ ЙХҲБ ва Тошкент шаҳрида Йўл ҳаракатини бошқаришнинг техник воситаларини ўрганиш ва фойдаланиш департаменти вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтди. 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабарига кўра, учрашув кун тартибида Ўзбекистон Республикаси “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг 6 моддаси асосида илк маротаба йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ҳудудий дастурини қабул қилиш масаласи бўлди.

Йиғилишда Тошкент шаҳар ҳокимияти юқоридаги қонунни амалга оширишнинг қуйидаги Дастурини таклиф қилди.

Хусусан:

1. Ижтимоий объектлар (мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, институтлар, поликлиникалар) ва одамлар оммавий равишда тўпланадиган жойлар (парклар, савдо-кўнгилочар марказлари, бозорлар, театрлар, стадионлар, концерт заллари, масжидлар, черковлар, тўй тантаналари ўтказиш жойлари, бизнес марказлар, супермаркетлар) олдидаги ер усти ўтиш жойларида тезликни — ҳар бир ҳаракат томони учун 3 ва ундан кўп полосалар бўлган ҳолда 50 км/соатгача; — ҳар бир ҳаракат томони учун 1 ёки 2 ва ундан кўп полосалар бўлган ҳолда 30 км/соатгача пасайтириш;

2. Барча ижтимоий объектларда йўл белгилари мавжудлиги ва уларнинг ГОСТ 23457-86га мувофиқлигини инвентаризация қилиш. Инвентаризация ўтказилганидан сўнг “Йўл ҳаракатини бошқаришнинг техник воситаларини ўрганиш ва фойдаланиш департаменти” ДУК томонидан камчиликларнинг бартараф этилганлиги ҳақида керакли кўрсатмалар бериш;

3. Ҳаракатланувчи томонларнинг ҳар бири учун 2 ва ундан ортиқ миқдордаги полосалар мавжуд бўлган барча йўл усти пиёдалар ўтиш жойларида светофорларининг мажбурий равишда мавжуд бўлиши;

4. Транспорт оқимларини ажратувчи ўтиш қисмининг ўртасида ўрнатилган тўсиқларни пиёдалар ўтиш жойлари, қайрилишлар олдида, шунингдек, кўчалар кесишувида кўришни чеклаши жиҳатидан ўрганиб чиқиш. Муаммоли участкалардаги тўсиқларни олиб ташлаш ёки уларнинг баландлигини пасайтириш бўйича аниқ таклифлар киритиш;

5. Барча ер усти ва ер ости пиёдалар ўтиш йўлларини эскалатор, лифт ва пандуслар борлиги жиҳатидан инвентаризациядан ўтказиш. Бунда барча ер усти пиёдалар ўтиш йўлларида эскалатор, пандуслар ва лифтларнинг бор бўлиши (имконияти чекланган кишилар учун), барча ер ости ўтиш йўлларида имконияти чекланган кишилар учун пандусларнинг мавжуд бўлиши мажбурий талаб эканлигини ҳисобга олиш;

6. Барча пиёдалар ўтиш светофор объектларини қолган вақтни тескарисига ҳисобловчи таймерли светофор объектларига босқичма-босқич алмаштириш;

7. Барча туннел, кўприк, йўл ўтказгич, эстакадалар олдида, шунингдек, айланма ҳаракатланиш жойларида “Дастлабки йўналиш кўрсаткичларини” ўрнатиш;

8. ОАВ ва бўш турган реклама конструкциялари орқали ЙҲҚ тарғиботини кўпайтириш;

9. Ҳаракат тиғиз бўлган чорраҳалар ва уч ва ундан кўп ҳаракат полосаларига эга йўлларни чеккадаги ўнг полосадан икки босқичда ўнгга тўсиқларсиз бурилишни кўзда тутувчи белгилар ва йўл разметкаси билан жиҳозлаш;

— 1 босқичда ер усти пиёдалар ўтиш жойлари мавжуд бўлмаган, ҳаракат тиғиз бўлган чорраҳалар ва уч ва ундан кўп ҳаракат полосаларига эга бўлган барча йўлларни жиҳозлаш;
— 2 босқичда ҳаракат тиғиз бўлган чорраҳалар ва уч ва ундан кўп ҳаракат полосаларига эга бўлган қолган барча йўлларни жиҳозлаш.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг ҳудудий дастури ҳозирча ўрганиш ва кўриб чиқиш босқичидадир.

Мавзуга оид