Ўзбекистон | 20:54 / 17.08.2018
10463
4 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳрида ҳам «Хавфсиз шаҳар» концепцияси ​амалиётга татбиқ этилмоқда

«Хавфсиз шаҳар»​ концепциясини амалга ошириш, шаҳарни турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликлардан ҳоли ҳудудга айлантириш бўйича амалий семинар ташкил қилинди. 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Қашқадарё вилояти Адлия, Ички ишлар бошқармалари ҳамда вилоят прокуратураси  билан ҳамкорликда Ички ишлар бўлимлари шахсий таркиби, маҳалла фуқаролар йиғини раислари ва посбонларнинг ҳуқуқий билим даражасини ошириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ички ишлар органлари фаолиятидаги муҳим ислоҳотлар, ҳаётга жорий этилаётган янгича тизим, профилактик чора тадбирларни кучайтиришда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини такомиллаштириш борасида фикр мулоҳазалар билдирилди. 

Семинарда ички ишлар бўлимлари , фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилишнинг амалий механизмларини жорий этиш юзасидан тушунтиришлар берилди. Сектор раҳбарлари ҳамда Ички ишлар бўлимлари, мувофиқлаштириш бошқармаси масъул ходимлари ҳамкорлигида чора тадбирлар режаси ҳамда йўл хариталари ишлаб чиқилди. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги «Адолат»​ ҳуқуқий ахборот маркази»​ томонидан ташкил этилган ҳуқуқий ва бадиий китоблар, жаҳон адабиёти дурдоналари кўргазмаси тафаккур оламини бойитишда яна бир восита бўлиб хизмат қилди. 

Ишлаб чиқилган йўл харитасига кўра, Қарши шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уйларда аҳоли зич жойлашганлиги, жамоат жойлари, сайилгоҳлар ва бозорларнинг гавжумлиги ҳисобга олиниб, 4та сектор жойлашган 4та ҳудудда алоҳида ички ишлар бўлимлари ҳамда уларнинг фаолиятининг мувофиқлаштирувчи бошқарма ташкил этилди. Янги тузилмалар самарадорлигини таъминлаш учун барча шарт шароит ва қулайликларга эга бўлган, замонавий бинолар қурилиб, улар зарур мебел жиҳозлари, ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланди. Видеокузатув мосламалари ўрнатилди, профилактика инспекторлари билан видеоконференция алоқа орқали мулоқот қилиш имкониятлари яратилди. Ички ишлар бўлимларининг техник қўриқлаш маркази хоналарига оптик толали алоқа кабели тортилди.

Бундан ташқари ички ишлар бўлимлари Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси «Lex.uz» тармоғига уланди. Ушбу база тармоғида 50 мингга яқин норматив ҳуқуқий ҳужжатлар жойлаштирилган бўлиб, улар ички ишлар ходимларининг ўз хизмат бурчларини самарали адо этишларида яқин кўмакчи вазифасини бажаради. 

«Хавфсиз шаҳар»​ тизимини жорий этиш бўйича вазиятни назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон, Қарор ва Фармойишлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламлари тақдим этилди. Қулай шароит, имконият хавфсиз шаҳар концепсиясини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш мақсадида жамоат тартибини таъминлаш кучларининг ва ички ишлар органлари, прокуратура, миллий гвардия, давлат хавфсизлиги хизмати, ва кенг жамоатчилик вакиллари биргалик иш ташкил қилинган. Ички ишлар бўлинмалари шахсий таркибига хар бир профилактика инспекторларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган «ARTEL» замонавий планшетлари, замонавий радио алоқа воситалари тарқатилиб улар замонавий технологияни талабларига жавоб беради, ҳимояланган алоқа тизими ўрнатилган бўлиб, ахборот марказининг барча ҳисоблардан шахсни текшириш имконияти мавжуд, ҳудудда юрган ходимни куну тун хизмат олиб бориш тартибини масофадан туриб назорат қилиш имкониятини беради. Шаҳар ҳудудида видеокузатув ва қўриқлаш тизимларининг шакллантирилгани, профилактика инспекторларининг онлайн тизим орқали ахборот ва топшириқ олиш имконияти яратилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Мавзуга оид