Бўйинбоғлар қачондан тақила бошланган?
Ҳозирда бўйинбоғ – ишбилармон эркаклар костюмининг ажралмас қисмидир. Бироқ қачондан бошлаб бўйинга боғланган мато бўлаги мавқени билдирадиган ва безак сифатида фойдаланиладиган бўлди?
Бўйинбоғнинг урфга кириши армиядаги хизматдан келиб чиққан. 1974 йилда Хитойда машҳур терракота армияси топилди. Хитойлик император Цинь Шихуанди нариги дунёда армияни бошқариш ва ўз душманларини енгиш учун уни ўз ҳарбийлари билан кўмишни васият қилади. Албатта, ҳақиқий армияни ўлдиришни ҳеч ким истамайди, шунинг учун Осиёлик усталар хитойлик ҳарбийларнинг саккиз мингдан ортиқ ҳайкаллари нусхасини яратишди. Энг қизиғи, ҳар бир ҳарбийнинг бўйнида рўмолча боғланган. У дунёга император билан оддий ҳарбийлар “йўл олишмаган” бўлса керак. Бу император шахсий гвардияси ёки урушда алоҳида ажралиб турган аскарларга хос бўлган буюм деган қараш мавжуд.
Бўйинга боғланган матони римлик легионерларнинг Траян Колоннасида ҳам учратиш мумкин. Бу устун римликлар томонидан Траян императорининг дакий қабилалари устидан эришган ғалабаси шарафига милоддан аввалги 113 йилда тайёрланган. Терракота армияси билан бўлгани каби бўйиндаги рўмоллар фақат гвардиячилар ва алоҳида хизмат кўрсатган курашчиларга муносиб кўрилган. Бу ўзига хослик кейинги юз йилликда ҳам сақланиб қолган, дея тахмин қилиш мумкин.
Модадаги турли жиҳатлар ривожланди. XVIII асрда Европадаги деярли барча эркаклар ҳажми ва бичимига кўра бир-биридан фарқли бўлган бўйинбоғларни тақишарди. Улар гардеробнинг асосий буюмига айланишига оз қолди. Бўйинбоғларга аталган китоблар ёзилди, кўргазмалар ўтказилди. Шу даражага бориб етдики, баъзилар бўйинбоғни барча қоидаларга амал қилиб бўйинга боғлашга эрталаб жуда кўп вақт сарфлашарди.
Саноатлашиш бошланиши билан бўйинбоғ “соддалашди”: ишлаб чиқаришдаги ишчилар ҳам чиройли кўринишни истардилар, шу билан бирга хавфсизликка амал қилиш зарур эди.
Бўйинбоғ юмшоқ ҳолга келди ва “галстук” деб атала бошланди. Бўйинбоғ қанчалик оддий бўлса, шунча яхши эди. 1924 йилда АҚШлик тадбиркор Жесси Лангсдорф тўрт қисмдан иборат галстук чизмасини патентлади. У адашмади – тадбиркор томонидан ўйлаб топилган галстук ўн йилликларни ўтказди ва ҳали ҳам бутун дунё эркаклари орасида машҳурлигини йўқотмаган.