Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Президент администрацияси раҳбарига ўринбосарлар тайинланди
27 август куни Ўзбекистон президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилгани, унинг якунларига кўра Президент девони Президент администрацияси этиб қайта ташкил этилгани, шу вақтгача президент ижроия аппарати раҳбари — маслаҳатчи сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Зайнилобиддин Шаҳобиддинович Низомиддинов администрация раҳбари этиб тайинлангани ҳақида аввалроқ хабар берган эдик.
Kun.uz’га маълум қилинишича, Президент администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг ўринбосарлари ҳам тасдиқланган. Бу вазифага — Азиз Мағрупов, Алишер Пайғамов ва Комил Алламжанов тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, энди давлат маслаҳатчиси институти тугатилган, давлат маслаҳатчилари президент маслаҳатчиларига айланган. Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев ҳамда маданият, матбуот ва ижодий ташкилотлар масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов бошқа ишга ўтказилган.
Бошқа собиқ давлат маслаҳатчилари Рустам Қосимов, Рустам Иноятов, Виктор Маҳмудов ҳамда Турсинхон Худейбергенов ўз лавозимларига қайта тайинланган. Президент девонининг собиқ раҳбари Зелимхон Ҳайдаровнинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.