18:28 / 31.08.2018
14825

Осиё ўйинлари. Ўзбекистонлик самбочилар иккита медал олишди

Индонезияда бўлиб ўтаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон самбо жамоаси икки медал олди.

Ўзбекистон жамоасининг -48 кг вазн тоифасида турнирга ташриф буюрган вакиллари Нодира Гулова ҳамда Мадина Турғунбоева бронза медал учун ўзаро гиламга чиқди. Икки ўзбекистонлик спортчи ўртасидаги баҳсда Нодира Гулованинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси қайд этилди ва у Осиё ўйинлари бронза медали совриндорига айланди.

Гулова нимчорак финалда вьетнамлик Сан Ти Ҳонгни осонлик билан мағлуб этди (4:0). Аммо чорак финалда мўғулистонлик Ойдовчимед Басансуренга имкониятни бой бериб қўйди (0:2). Шундан сўнг, Гулова бронза медали учун ўтиш баҳсларида қатнашди. Аввалига қозоғистонлик Назгул Елмуратовани, сўнг қирғизистонлик Анара Жумали қизини енгган Гулова бронза учун гиламга чиқиш имкониятини қўлга киритди.

Мадина Турғунбоева нимчорак финалда туркманистонлик Айна Зариповани, чорак финалда эса эронлик Элҳам Баҳрамийни енгди. У ярим финалда мўғулистонлик Наранцецег Ганбатар билан беллашди ва 0:4 ҳисобида ютқазиб қўйган ва бронза учун курашадиган бўлганди.

Бугунги баҳсларда яна икки нафар ўзбекистонлик самбочи баҳсларда иштирок этди. 

-52 вазн тоифасидаги Аҳмад Раҳматуллоев эса бронза учун тожикистонлик Жоми Ҳасаний билан курашди ва 2:0 ҳисобидаги ғалабага эришиб, Осиё ўйинлари совриндорига айланди.

Аҳмад Раҳматуллоев нимчорак финалда индонезиялик Муҳаммад Ваҳюди тўсиғидан ўтди (3:1). Аммо чорак финалда қозоғистонлик Беймбет Канжановга мағлуб бўлди (1:3). Шундан сўнг бронза медал учун ўтиш баҳсларида иштирок этган Раҳматуллоев аввалига тожикистонлик Сомон Сангов билан беллашди ва ғалаба қозонди (3:0). У иккинчи босқичда рақиби суриялик Ҳусн Мунирни ҳам таслим этди (3:0) ва бронза учун курашиш имкониятини қўлга киритди.

Ўзбекистон шарафини -52 кг вазн тоифасида ҳимоя қилган яна бир самбочи Ислом Аҳмеджанов эса бронза медал учун қозоғистонлик Беймбет Канжанов билан беллашди ва 0:2 ҳисобида мағлуб бўлди.

Қайд этиш керакки, Аҳмеджанов бронза учун жанггача 4 марта гиламга чиққанди.

У илк баҳсдаёқ тожикистонлик рақиби Жоми Ҳасанийдан енгилди (0:4). Жоми Ҳасаний ярим финалга етиб боргач, Аҳмеджановда бронза учун ўтиш ўйинларида иштирок этиш имконияти пайдо бўлди.

Шундан сўнг у 3 босқичдан иборат ўтиш ўйинларида қатнашди. Аҳмеджанов аввалига эронлик Соҳил Жамалабадий устидан ғалаба қозонди (2:0), кейинги босқичда индонезиялик Мавлана Муттақиндан устун келди (4:0). Ўтиш ўйинларининг финал босқичида эса япониялик Кота Ямамотога қарши гиламга чиққан Ислом Аҳмеджонов яна ғалаба қозониб, (4:0) ва бронза учун курашадиган бўлганди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги бронза медаллар сони 23тага етди. Ўзбекистон умумий рейтингда 57 медал билан (15 олтин, 19 кумуш ва 23 бронза) еттинчи ўринда қолмоқда.

Top