14:26 / 31.08.2018
5645

Жаҳон банки Ўзбекистон вилоятларида мева-сабзавотчиликни ривожлантириш бўйича янги лойиҳани тақдим этди

Фото: УзА

Фарғона ва Бухоро вилоятларида «Мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш. Қўшимча молиялаштириш» лойиҳасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги фермер ва агробизнесларга қўшимча техник ҳамда молиявий ёрдам берилади. Бу минглаб янги иш ўринларини яратиш, мева-сабзавотчилик секторида бенефициарларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини оширишга ёрдам беради. Лойиҳа 500 миллион долларга баҳоланмоқда, у Жаҳон банки томонидан 2018 йилнинг январь ойида тасдиқланган ва июнь ойида иш бошлаган. 

Лойиҳа фаолиятининг янги босқичи 2014 йил июнь ойида Жаҳон банки томонидан тасдиқланган «Мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш» лойиҳасининг ютуқларига асосланган бўлиб, у маҳаллий фермер ва агробизнеснинг қишлоқ хўжалиги технологиялари, билимлари ҳамда бозорларига киришини яхшилашга қаратилган. Бундан ташқари, ушбу гуруҳларнинг техник ва бошқарув имкониятларини мустаҳкамлаш, лойиҳада иштирок этаётган маҳаллий банклар орқали уларни янги молиявий маҳсулотлар билан таъминлаш назарда тутилган.

Лойиҳанинг янги босқичи уруғлик ва кўчатларни, сувни тежайдиган технологияларни (томчилаб суғориш каби) харид қилиш, омборхоналар ва иссиқхоналарни қуриш, мева ҳамда сабзавотларни қайта ишлаш учун ускуналар харид қилиш имконини беради. Лойиҳа, шунингдек, илмий-тадқиқот институтларига мева-сабзавот экинларини етиштириш, уларни сақлаш ва ҳосил йиғиб олинганидан сўнг қайта ишлаш учун янги усулларни ишлаб чиқишда кўмак беради. Фермерлар ва агрофирмаларнинг мева-сабзавот секторида маркетинг ва бизнесни бошқариш соҳасидаги билимларини оширишда ёрдам кўрсатади.
 
2018 йил 28-29 август кунлари Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ходимлари, Европа иттифоқ Ўзбекистондаги ваколатхонаси (лойиҳа ҳамкори) ва Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қайта тузиш бўйича агентлик Фарғона ва Бухоро вилоятларида амалий ташриф билан бўлди. Улар «Мева-сабзавотчилик секторини ривожлантириш. Қўшимча молиялаштириш» лойиҳасининг тақдимотида иштирок этдилар. 
 
Мазкур вилоятлардаги тадбирларда фермер хўжаликлари, агрофирмалар ва мева-сабзавотни қайта ишлаш корхоналари, шунингдек, жорий лойиҳа доирасида молиялаштиришни тақсимлашда иштирок этаётган маҳаллий тижорат банкларининг ходимлари иштирок этди. Тақдимот қатнашчиларига лойиҳанинг янги босқичи доирасида мева-сабзавот секторида ҳосилдорликни ва экспорт салоҳиятини ошириш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.

Лойиҳанинг дастлабки босқичида кредит олган фермерлар ва агрофирмаларнинг вакиллари ушбу инвестициялар орқали ўз бизнесини кенгайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича тажрибаларини ўртоқлашдилар.

Top