Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Литвада демографик инқироз: мамлакатни ҳар куни 100га яқин киши тарк этмоқда
Евроиттифоқ Статистика хизмати тарқатган маълумотга кўра, ЕИ интеграцияси бошлангандан буён Руминия аҳолисининг 16 фоизини, Болгария - 20 фоиз, Латвия - 33 фоиз, Литва эса 27 фоизини йўқотган. Собиқ Совет иттифоқи парчалангач, Литвада 3,7 миллион аҳоли қайта рўйхатга олинганди, бугунги кунда эса мамлакат аҳолиси 2,8 миллионни ташкил этмоқда. Болтиқбўйидаги ушбу давлатда аҳоли зичлиги кўрсаткичи бўйича 1 кв. кмга 44 киши тўғри келиши билан Польшадан уч баробар кам натижани қайд этди. Латвиядаги вазият бундан ҳам ёмон: 1 кв кмга 35 киши, Эстонияда эса 29 нафар фуқаро тўғри келмоқда.
Eurostat маълумотига кўра, Литва Европадаги аҳолисини йўқотиб бораётган мамлакатлар ичида антирейтингни бошқариб келмоқда. Ҳар соатда 4-5 нафар муайян ишга лаёқатли литвалик ватанини тарк этиб кетмоқда. Бу рақам бир суткада тахминан 100 кишини ташкил этмоқда, бир йилда эса 35 минг киши.
Eurostat прогнозларига кўра, яқин 50 йил ичида Литва аҳолиси яна 38 фоизга камайиши мумкин. Бу пайтда Латвиянинг аҳолиси мустақиллик йилларининг бошида қайд этилган 2,6 миллиондан 1,9 миллионга тушган. Эстонияда эса 1,5 миллион аҳолининг 1,3 миллион нафари мамлакатда қолган.
Литва ижтимоий тадқиқотлар маркази директори Сармине Микулиониененинг таъкидлашича, мамлакат харитасидан ҳар йили 2 мингга яқин қишлоқлар олиб ташланмоқда.
«Биз ишчи кучини йўқотмоқдамиз. Мамлакатда қолаётганлар эса пенсия ёшида бўлган ишга лаёқатсиз кишилар», дейди у.
Депопуляция жараёни айни пайтда Болтиқбўйи давлатларида солиқ тарифларини ошиб кетишига сабаб бўлмоқда. Литва ҳукумати тамаки маҳсулотлари ва никотин мавжуд электрон сигаретга нисбатан акциз солиқ миқдорини оширди. Шунингдек, мутасаддилар аҳолининг даромадидан олинадиган солиқ миқдорини оширишни муҳокама этмоқда. Шундай қилиб, даромад солиғи 15 фоиздан 21 фоизгача кўтарилиши мумкин.
Литвадаги демографик инқирозни тадқиқ этаётган Голландиянинг Дельфте шаҳридаги Технологиялар университети профессори Маартен ван Ҳемнинг айтишича, мамлакатнинг ижтимоий бошқарув моделидан воз кечиб, неолиберализмга мурожаат этиши қимматга тушмоқда.
«СССР парчалангач, Литвадаги деҳқонлар инқирозга учради. Вильнюс, Каунас ва Клайпедадан ташқарида иш топиш қийин масала. Улар иш излаб хорижга кетмоқда», дейди профессор.
Вашингтон университети олимлари олиб борган тадқиқот бошқа натижани кўрсатиб берди: Литвадаги депопуляцияга алкоголь ичимликларини кўп истеъмол қилиш ҳам салбий таъсир ўтказмоқда. Айнан алкоголь туфайли 2016 йилда 3 миллион киши ҳаётдан кўз юмган. Шуларнинг 12 фоизи 15-49 ёш оралиғидаги эркаклар бўлиб, статистиканинг бу банди бўйича Болтиқбўйи давлатлари антирейтингни ўрнатган.
Мавзуга оид
10:56 / 27.05.2026
Латвия ва Литва Россия элчиларини чақиртирди
21:31 / 21.05.2026
Литва ТИВ раҳбари НАТО кучлари Россиянинг Калининграддаги ҳарбий базаларини «ер билан битта қила олиши»ни айтди
12:23 / 24.03.2026
Литва Беларусдан дрон учиб келганини маълум қилди
15:45 / 23.03.2026