Ўзбекистон | 16:56 / 02.09.2018
104342
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг кейинги икки ой ичидаги тиғиз учрашувлар графиги маълум бўлди

Фото: AkordaPress

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 сентябрь куни Қирғизистонга амалий ташриф билан боради. Президент Қирғизистоннинг Чўлпон-ота шаҳрида ўтадиган Туркийзабон давлатлар ҳамкорлик кенгаши саммитида иштирок этади. 

Шавкат Мирзиёевнинг сентябрь ойидаги сафарлари шу билан якунланмайди. Президент 27-28 сентябрь кунлари Душанбеда бўлиб ўтадиган МДҲ давлатлари раҳбарларининг навбатдаги саммити ишида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Тожикистонга бориши кутилмоқда.

Қисқа муддат ичида, яъни 2 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Ҳиндистонга жўнаб кетади. Сўнгра, 9-10 октябрь кунлари Ўзбекистон президенти Францияда президент Эммануэль Макрон билан олий даражадаги учрашувда иштирок этади. 

«Kun.uz» ахборот манбасига кўра, Тошкент 5 сентябрь куни Миср президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сисининг расмий ташрифига тайёргарлик кўрмоқда. 13-14 сентябрь кунлари эса Беларусь президенти Александр Лукашенко Ўзбекистонга келади. Октябрь ойида давлат ташрифи билан Россия президенти Владимир Путин ҳам Тошкентда бўлиши ва Шавкат Мирзиёев билан учрашиши белгиланган.

Амалга оширилган ташрифлар ичида Қозоғистонга 6 марта борган Шавкат Мирзиёев шу пайтгача Россияга 4 марта ташриф буюрган. Шунингдек, Туркманистонга ҳам 4 марта ташриф амалга оширилган, бундан ташқари АҚШ ва Хитой давлатларига икки мартадан борилган. ​

Мавзуга оид