Жаҳон | 18:30 / 09.09.2018
123794
5 дақиқада ўқилади

​Алишер Усмоновнинг «Шарққа юриши» нега юз бермоқда?

«Арсенал» ўрнига «Пахтакор». Хитой эса Лондон ўрнини эгаллайди. Шундай қилиб, асли ўзбекистонлик Алишер Усмонов девестернизация жараёнига қўл ураётганига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Бугун, 9 сентябрь куни Тошкентдаги ҳовлисида таваллуд айёмини нишонлаётган Россия фуқароси нега ғарбдан юз ўгириб, шарқ томон юзланмоқда?

«Арсенал»даги улушини сотиб, асли туғилиб ўсган ватанидаги «Пахтакор» футбол жамоасига сармоя киритаётган Усмонов Хитойнинг Alibaba компанияси билан ҳамкорлик қилишни ҳам ўйламоқда. Унинг бошқарувида бўлган «Мегафон» компанияси эса Лондонда ​делистинг ўтказишга уринмоқда. Ғарбнинг етакчи ижтимоий тармоқларига эмас, балки миллий рақамлаштириш платформаларига йўналтирилаётган пуллар Усмоновнинг девестренизацияга розилигини билдиради. Девестернизация - ғарбдан юз буриш ва бу жараёнга бошқача ном беришнинг имкони ҳам йўқ, аммо у нега бундай қарорга келди? 

Ғарбда нима гап? 

Сенатор Жон Нили Кеннеди АҚШ Сенатининг банк иши қўмитасида ташкил этилган эшитувда «Россия иқтисодиётини қандай қилиб тиз чўктириш мумкин?», дея ҳамкасбларига савол назари билан қараганди. Бу ҳақда хабар тарқатган Bloomberg нашрига кўра, сенатор Кеннеди америкаликлар истаган сиёсатни очиқроқ айтишга жазм этган. У санкциялар фақат Владимир Путин ҳокимиятини кучсизлантиришга эмас, айнан рус иқтисодиётига зарба бериш кераклигини билади, бундан аввал Россия ҳукуматини танқид қилган марҳум сенатор Жон Маккейн эса бундай дейишга куч тополмаганди. Демак, масала кундек равшан: Путин ҳокимиятига зарба бериш учун президент таянадиган куч, айниқса унинг атрофидаги миллиардерлар фаолиятига зарар етиши лозим. Буни қандай амалга ошириш ҳақида аввал ҳам айтгандик. 

АҚШ ва Россия сиёсатчилари бир-бирлари ҳақида «Совуқ уруш» даврида ҳам янграмаган айбловларни айтишга улгурди. Шунга қарамай, Россия бизнес доираси Ғарбдаги ҳамкорлари билан фаол тадбиркорликни давом эттириши учун ҳеч қандай таҳдид йўқ эди. Вазият шу даражада ғализки, мантиқни тушунишингиз учун Украина президенти Петро Порошенкога тегишли қандолат фабрикаси аслида Россия ҳудудидаги Липецк шаҳрида эканини эслаш лозим. Фабрика Донбассдаги фуқаролар уруши даврида ҳам фаолиятини тўхтатмади. 2013-2015 йилларда Порошенкога тегишли фабрика Россия бюджетига 1 миллиард рублдан ортиқ маблағ келтирган

Усмонов хавфни кўра олдими?

Аммо, энди жараёнларда ўзгариш кузатилмоқда, Forbes назарида Россиянинг энг бой фуқароси дея тан олинган Алишер Усмонов маблағларини Ғарбдан қайтармоқда. Бунга туртки бўлувчи омиллар жуда кўп бўлиши мумкин. Масалан, Россияга қарши киритилаётган санкциялар энди тўғридан-тўғри эмас, балки маълум иш доирасида қўлланиши ҳар қандай расмий вакилнинг айблов рўйхатига тортилиб кетишини билдиради. 

Рус оламида ҳокимият вакиллари ҳар ерда кузатилган каби тадбиркорларга яқин ва санкциялар таъсирига биринчи навбатда Усмоновдек шахслар тушиши ҳеч гап эмас. АҚШдаги президентлик сайловига рус ҳакерларининг аралашуви, Скрипаллар оиласига қилинган суиқасд ва бир қанча шундай воқеалар ортида ким тургани аниқланмай қолиши бошқа хавфни пайдо қилади. Мазкур ишларга аралашган кишилар рус тадбиркорлари билан апоқ-чапоқ бўлиши, бу эса ўз ўрнида санкциялар домига тадбиркорлар ҳам тортилишини англатади. Бу айнан якка шахсга қаратилган айблов эмас, балки кулранг кардиналларга ҳужум қилиш деганидир. 

Айни чоғда Усмонов ҳам Ғарб билан Россиянинг муносабатлари янада таранглашиб қолса, ўзининг тадбиркорлик фаолиятига Ғарб томондан максимал даражада таъсир этилишига йўл қўймаслиги лозим. «Путин дўстлари» Виктор Вексельберг, Олег Дерипаска тақдири бошқаларни қанчалик безовта қилган бўлса, Алишер Усмонов ишлаб чиққан «Арсенал» ўрнига «Пахтакор» модели шунчалар оқилона йўлдек кўринмоқда

Агар Алишер Усмоновда ҳаммаси хамирдан қил суғургандай кечса, (ҳозирча унинг ишлари беш) бундай схема бошқа рус тадбиркорларига ҳам қўл келади. Шунингдек, тез орада девестернизация атамасига кўпроқ мурожаат этишимиз лозим бўлади.

Алишер Рўзиохунов