Жаҳон | 20:00 / 09.09.2018
3303
2 дақиқада ўқилади

Швецияда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: EPA\UPG

Швецияда 9 сентябрда парламент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Сайловларда иштирок этиш учун овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 7,3 млнга яқин киши таклиф қилинган. Қироллик фуқаролари кейинги 4 йил учун бир палатали қонунчилик йиғини – рикстагнинг бўлғуси аъзоларини сайлашади.

Рикстагга сайловлар пропорционал тизим бўйича ўтказилади. Унда ҳаммаси бўлиб 349 та мандат бор. Сайловларнинг илк натижалари сайлов участкалари ёпилгандан 2-3 соат ўтиб маълум қилина бошланади. 

Сайловлар олдидан ўтказилган сўровномалар ҳукмрон Социал-демократик партияни қўллаб-қувватловчилар (25 фоиз) кўплигини кўрсатган. Ўнг центристик коалициявий партияни сўралганларнинг 17 фоизи қўллаб-қувватлашини айтган.

Шу билан бирга социологлар социал-демократларнинг аҳоли томонидан қўллаб-қувватланиши анча камайганини таъкидлашмоқда. Охирги йилларда ўнг популистик Швед демократлари партияси рейтинглари анча ошган. Уларни сўралганларнинг 17 фоиздан кўпроғи қўллаб-қувватлаган. Бу партия оммалашишига биринчи навбатда иқтисодий омиллар эмас, балки фуқароларнинг ҳукуматнинг миграция сиёсатидан норозилиги олиб келди.

10 млнлик аҳолига эга Швеция 2015 йилнинг ўзида 160 мингга яқин бошпана изловчини қабул қилган. Аҳоли сонига нисбатан бу Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида энг юқори кўрсаткичдир. Ўшанда Швеция қочқинлар оқимини тўхтатиш мақсадида чегара назоратини киритишини маълум қилган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид