Ўзбекистон | 19:45 / 10.09.2018
7321
3 дақиқада ўқилади

Хотин-қизлар қўмитаси ва Шанхай аёллар федерацияси ўртасида меморандум имзоланди

10 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ҳамда Шанхай аёллар федерацияси раҳбари Лю Ци ўртасида кўп томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди. «Kun.uz» мухбири хабар беришича, томонлар хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга ижтимоий ҳаётда ўз ўринларига эга бўлишларида кўмак бериш, бандлик даражасини ошириш, тадбиркорлик масалаларини биргаликда самарали ҳал этиш, ўзаро тажриба алмашиш ва бошқа қатор мавзуларда суҳбат олиб боришди.

«Юртимизда хотин-қизлар масалаларига яқин йиллар ичида жуда катта эътибор бериб келинмоқда. Аёлларга моддий жиҳатдан кўмаклашиш бўйича амалий ишларни бошлаб юборганмиз. Вилоят, туман хотин-қизлар қўмиталари қошида ижтимоий фондлар ташкил этилди. Тадбиркорлик билан шуғулланмоқчи бўлган аёлларга микрокредитлар ажратиляпти. Уларни рағбатлантириш мақсадида «Зулфия» номидаги Давлат мукофоти, «Муқаддас аёл» мукофотлари таъсис этилди. Соғлиқни сақлаш соҳасидаги натижаларга эътибор қаратадиган бўлсак, туғруқ вақтида оналар ўлими кескин камайди. Айни пайтда бизнинг энг катта вазифаларимиздан бири хотин-қизлар бандлигини таъминлашдир. Бу борада ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз», деган Танзила Норбоева.

Ташриф чоғида Шанхай аёллар федерацияси раиси Лю Ци Хитойда хотин-қизлар ва болалар ҳимояси ҳақида нутқ сўзлаган.

«Охирги икки йилда Хитойда хотин-қизлар билан ишлаш бўйича концепция ўзгарди. Биргина Шанхайдаги вазият тўғрисида айтадиган бўлсак, у ерда 800 минг оила бор. Биз ҳар бир оиладаги хотин-қизлар ва болалар билан алоҳида шуғулланишга ҳаракат қиляпмиз. Болалар ва хотин-қизларни ҳимоя қилишга қаратилган 5 йиллик дастурий режа ишлаб чиқдик. Шунингдек, аёллар саводхонлигини ошириш борасида иш олиб бормоқдамиз», деган у.

Шу билан бир қаторда, Танзила Норбоева Хитой делегациясига ўзаро ҳамкорликда аёллар спорт мусобақалари, илмий конференция, маданий тадбирлар ўтказиш, болалар учун Хитой ва Ўзбекистонда оромгоҳларни ташкил этиш, икки миллат олима хотин-қизларининг фан йўналишида доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича бир қанча таклифлар билан чиққан.

Расмий ташриф доирасида Шанхай аёллар делегацияси Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тошкент вилояти ижтимоий мослашув маркази, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, «Тадбиркор аёл» Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциациясига ҳам бориши кутилмоқда.

Мавзуга оид