Ўзбекистон | 16:38 / 11.09.2018
13471
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазирлиги: дунёда муваффақият қозонган янгилик энди Ўзбекистонда

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Халқаро диабет федерациясининг маълумотига кўра, дунёда 400 миллион нафардан кўпроқ катта ёшли аҳоли қандли диабетнинг иккинчи туридан азият чекмоқда. Ачинарлиси, уларнинг қарийб ярмида касаллик яширин тарзда кечмоқда. Бу аҳоли ўртасида тиббий профилактика ва скрининг тадбирларини янада ривожлантиришни тақозо этади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа айни мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир, деб хабар бермоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати.

Ушбу лойиҳа доирасида мамлакатда олимлар,  маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида касалликни скрининг қилиш методологиясини ўрганиш бўйича экспертлар гуруҳи тузилди. Унинг таркибида дунёнинг таниқли олими  Яков Пахомов ҳам бор. Я.Пахамов томонидан ишлаб чиқилган қандли диабет иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси ҳозирда Европа давлатлари ва Россияда касалликнинг олдини олиш ва эрта аниқлаш бўйича энг самарали услуб сифатида муваффақият қозонган ва инсон саломатлигини асрашда муҳим натижа бермоқда.

Шу кунларда мамлакатда бўлиб турган Я.Пахомов бошчилигидаги хорижлик нуфузли экспертлар ва мутахассислардан иборат делегация билан соғлиқни сақлаш вазири А.Шодмонов иштирокида учрашув ўтказилди. 

Унда Ўзбекистонда аҳолига эндокринологик ёрдам кўрсатишнинг бугунги ҳолати, соҳани ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, бу жараёнда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилаётган эътибор хусусида сўз борди. Қандли диабет касаллиги, хусусан, унинг иккинчи турини эрта аниқлашда жаҳон амалиётида қўлланилаётган замонавий усуллар, жумладан, Я.Пахомов томонидан илгари сурилаётган Ўзбекистон аҳолисини қандли диабетнинг иккинчи турига скрининг текширувидан ўтказиш лойиҳаси юзасидан фикрлашилди. 

Таъкидланганидек, мазкур лойиҳа жорий йилнинг октябрь ойидан бошланади. Дастлаб Наманган шаҳри ва Тўрақўрғон тумани, Бухоро шаҳри ҳамда Ғиждувон туманларидаги тиббиёт муассасаларида тажриба лойиҳаси амалга оширилади.

– Диабет хасталигининг дастлабки босқичлари деярли сезиларсиз кечади, – дейди Яков Пахомов. – Бу жараёнда шифокор томонидан дастлабки ташхис қўйилгунга қадар 10 йилгача вақт ўтиши мумкин. Натижада, касаллик яширин даврда кескин ривожланиши оқибатида беморнинг буйрак, юрак, қон-томир тизими, кўз соҳаси ҳамда бошқа органларида жиддий асоратлар юзага келади. Хасталикка қанчалик кеч ташхис қўйилса, уни даволаш бемор учун ҳам, давлат бюджети учун ҳам катта тиббий-ижтимоий муаммодир. Бу борада энг мақбул ва самарали йўл – касалликни эрта аниқлаш. Бизнинг лойиҳамиз айни шу мақсадга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Ўзбекистонда диабет касаллигини эрта аниқлаш ва профилактикаси бўйича тадбирларга старт берилди. Ўзбекистонда қандли диабетнинг иккинчи турини скрининг қилиш лойиҳаси икки босқичда амалга оширилади. Дастлабки босқичда тажриба сифатида белгиланган ҳудудларда Ўзбекистон учун тўғри ва мақбул усулни аниқлаб олишга эътибор қаратилади. Бунинг учун аҳоли ўртасида скрининг текширувлари амалга оширилади ва уларда қандли диабетнинг иккинчи турини эрта аниқлашга қаратилган турли ёндашувлар тестдан ўтказилади. Иккинчи босқичда аниқланган самарали усуллар асосида республика миқёсида тиббий профилактика тадбирлари амалга оширилади.

Мавзуга оид