Ўзбекистон | 14:40 / 15.10.2025
23242
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг биринчи гуруҳи Италияга ишлаш учун жўнаб кетди

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги ташаббуси билан амалга оширилаётган пилот лойиҳа доирасида ўзбекистонлик ўрта тиббиёт ходимлари Италияда иш фаолиятини бошлаш учун йўл олди.

Фото: Миграция агентлиги

Бу лойиҳа Ўзбекистон ва Италия ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва тиббиёт соҳаси мутахассисларига Европа давлатларида қонуний ҳамда хавфсиз меҳнат фаолиятини таъминлашни мақсад қилади.

Жорий йил май ойида Италия бош вазири Жоржа Мелони хонимнинг мамлакатга расмий ташрифи доирасида Миграция ва мобиллик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланган эди.

Шунингдек, июл ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этган Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана билан учрашуви чоғида, икки мамлакат ҳудудлари ўртасида кенг кўламли шерикликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинган.

Мазкур келишувларни амалиётга татбиқ этиш мақсадида Миграция агентлиги раҳбарияти Италияга хизмат сафари чоғида Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана, Италия Соғлиқни сақлаш вазири Гвидо Бертолазо ҳамда бир қатор идора ва компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказди.

Музокаралар якунида меҳнат миграцияси бўйича беш йиллик ҳамкорлик режаси тузилди. Унга мувофиқ, 2026 йилда 3,5 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланиши режалаштирилган.

Пилот лойиҳа доирасида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидан танлаб олинган 10 нафар ўрта тиббиёт ходими тилга тайёргарликсиз синов тариқасида юқори маошли 3 ойлик иш фаолиятини Италияда бошладилар. Улар иш жараёнида италян тилини ўрганиш ҳамда маҳаллий тиббиёт тизимига мослашиш имкониятларини ўрганади.

Пилот дастурнинг асосий мақсади — Ўзбекистон ва Италия тиббиёт тизимлари ўртасидаги фарқларни таҳлил қилиш, иш усулларини таққослаш ва келгусида самарали интеграцияни таъминлашдан иборат. Шунингдек, италян тилига кўникма ва ишга мослашиш  даврини белгилаш имконияти туғилади.

Италиялик мутахассислар ҳам, ўз навбатида, ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг малакасини баҳолайди. Синов тариқасида юборилган илк гуруҳ Ўзбекистонга қайтганидан сўнг, касб хусусиятидан келиб чиқиб, ҳамкорликда махсус ўқув дастури ишлаб чиқилади ва кейинчалик Италияда ишлаш истагини билдирган 3500 нафар ўрта тиббиёт ходимлари шу дастур асосида Ўзбекистонда ўқитилиб, Италияга ишга жойлаштирилади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид