07:41 / 14.09.2018
7905

Дунёнинг энг бой одами Жефф Безос хайрия жамғармасига асос солди

Фото: REUTERS/Rex Curry

Дунёнинг энг бой одами, Amazon интернет-ритейлери асосчиси ва эгаси Жефф Безос бошпанасиз оилаларга ёрдам бериш ва мактабгача таълим муассасалари қуриш учун хайрия жамғармасига асос солганини эълон қилди. 

“Биз Bezos Day One Fund ташкил этилганини эълон қилишдан хурсандмиз”, деб айтилган Безоснинг твиттерда жойлаштирган хабарида. У жамғарманинг бошланғич капитали 2 млрд долларни ташкил қилишини қўшимча қилган.   

Безоснинг айтишича, жамғарма икки йўналишда иш олиб боради: ёш бошпанасиз оилаларга ёрдам берувчи ташкилот ва фуқаролик гуруҳларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли паст даромадга эга бўлган ҳудудларда сифатли таълим берувчи мактабгача таълим муассасалари тармоғини яратиш. 

Amazon 1994 йилда ташкил этилган ва бугунги кунда интернет орқали товар ва хизматлар сотувчи дунёдаги энг йирик компания ҳисобланади. Компаниянинг 2004 йилдаги обороти 7 млрд долларни ташкил қилган бўлса, 2016 йилда бу қиймат 136 млрд долларга етган.   

Top