Жамият | 18:44 / 14.09.2018
9977
7 дақиқада ўқилади

Равнақ топиш учун ёшларни тарбиялаш керак

Доноларнинг шундай ҳикмати бор, агар мамлакат 1 йил ривожланаман деса — буғдой эксин, агар мамлакат 10 йил ривожланаман деса — дарахт эксин, агар мамлакат 100 йил равнақ топаман деса — ўз ёшларини ўстирсин.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги дастлабки фаолиятини айнан ёшлар масаласига кенгроқ эътибор қаратиши, уларга барча имкониятларни яратиш учун муҳим чора-тадбирларни амалга ошириш билан бошлади. Сўзимиз исботи сифатида эса 2016 йил 14 сентябрь куни “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонун қайта ишлаб чиқилиб, такомиллаштирилган ҳолда қабул қилинганлигини эътироф этишимиз мумкин.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. Хусусан, ўтган бир йил давомида ёшлар масаласига доир жами 40та қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга қаратилган 30дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатни ратификация қилган.

Давлатимиз тарихида илк бора 30 июнь – “Ёшлар куни” сифатида нишонлана бошланди. Шу маънода, Юртбошимиз ташаббуси билан 30 июнь – “Ёшлар куни” этиб белгилангани ёшлар учун ўзига хос қувончли байрам бўлиш билан бирга, уларни янги, юксак марраларга чорловчи, жонажон ватанимизга садоқатини янада кучайтирувчи беқиёс рағбат ҳамдир.

“Ўзбекистон Республикаси ёшлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн биринчи ялпи мажлисида маъқуллангани мамлакатимизда ёшлар сиёсати оқилона олиб борилаётганининг ҳуқуқий ифодаси бўлди.

Айтиш жоизки, мамлакатимизда олиб борилаётган ёшларга оид давлат сиёсати доирасида, сўнгги икки йил мобайнида мисли кўрилмаган ижобий ишлар амалга оширилди ва бу ишлар ҳозирда ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Шу ўринда айнан ёшлар ҳаётига дахлдор уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиладиган, орзу ва истакларини рўёбга чиқаришда кўмаклашадиган, интилишлари ва мақсадларига эришиш йўлида имкониятлар майдони ярата олган айрим ислоҳотларни санаб ўтсак. Жумладан:

Ёшларга оид давлат сиёсатини изчил ва самарали амалга ошириш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан ислоҳ этиш мақсадида 2017 йил 30 июнь куни “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи” ташкил этилди.

Ватан келажагини бунёд этишга бел боғлаган, юртимизда амалга оширилаётган ишларга нисбатан дахлдорлик ҳиссини туйган, жамиятимизнинг турли соҳаларида ўз меҳнати билан самарали хизмат қилиб келаётган, фидоий ёшларимизни рағбатлантириш мақсадида "Келажак бунёдкори" медали таъсис этилди. Бу йил мустақиллигимизнинг 27 йиллиги муносабати билан мазкур медалнинг илк соҳиблари –  14 нафар ёшларимиз ушбу мукофотга сазовор бўлдилар.

Йигитларимиз қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада юксалтириш, уларда мардлик, жасорат, садоқат каби фазилатларни шакллантириш, ўз халқининг мард ўғлони бўлган йигитларни муносиб тақдирлаш мақсадида “Мард ўғлон” Давлат мукофоти таъсис этилди ва жорий йилда “Ёшлар куни” байрами арафасида 28 нафар йигитларга ушбу мукофот тантанали равишда топширилди.

Ёшлар ўртасида мутолаа маданияти, китобхонликни кенг тарғиб этиш, юксак интеллектуал салоҳиятли, китобга ошно, билимли авлодни вояга етказиш мақсадида, Президентимиз  ташаббуси билан "Ёш китобхон" кўрик-танлови ташкил этилди ва  республикамиз бўйлаб, энг оммалашган танловга айланди. 2 ёш тоифасида икки нафар ғолиб китобхонга Президент совғаси – "Спарк" автомашинаси совға қилинди. Бу йил мазкур кўрик-танловнинг қамрови янада кенгайиб, 3 нафар зукко китобхон олий соврин эгасига айланишади.

Мамлакатимизда ёшларга қаратилган давлат сиёсати тарихида илк бора, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти ташкил этилди.

Ҳеч бир даврда кузатилмаган, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилиб, ҳарбийлар ва тизимдаги ишчи-хизматчиларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқига аъзо бўлиш механизмининг ҳуқуқий асоси яратилди.

Шу ватаннинг эртанги куни ҳисобланмиш ёшлар сиёсати доирасида халқаро алоқалар йўналишидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилди. Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси ташкил этилиб, хорижда ишлаб юрган ёки таҳсил олаётган ёшларимизни ижтимоий ҳимоялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Шу кунга қадар, ўзбекистонлик ёшлардан иборат делегацияларнинг Хитой, Германия, Россия, Ҳиндистон, Туркия каби 10 дан ортиқ давлатларга тажриба алмашиш ҳамда хорижий давлатларда ёшларга доир дастурларни амалда ўрганиш мақсадида сафарлар уюштирилди. Бир неча бора ёшлар ўртасида халқаро форумлар, фестиваль ва конференциялар ташкил этилди.

Ёшларнинг бизнес ташаббуслари, стартаплари, ғоялари ва лойиҳаларини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ва қўллаб-қувватлаш, банд бўлмаган ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар ва бизнес юритиш кўникмаларига ўқитиш, ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш мақсадида  «Yoshlar — kelajagimiz» жамғармаси ташкил этилди. Жамғарманинг ҳудудий филиаллари ҳам шакллантирилиб, ҳозирда тизимли ишлар олиб борилмоқда. 

 Давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан умумий ўрта таълим соҳасида 11 йиллик таълим тизими жорий этилди.

Биз яшаб турган давр – ахборот асри эканлиги ва Ўзбекистоннинг халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрни борлиги инобатга олиниб, юртимизда малакали журналистларни етиштириб чиқариш, жаҳон тажрибасини ўрганган ҳолда халқаро майдонда ўз сўзини айта оладиган мухбир кадрларни тайёрлаш мақсадида, “Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети” ташкил этилди.

Тошкент шаҳрида АҚШнинг "Вебстер" университетининг  филиали очилди.

Ёшларнинг билим олишга бўлган интилишлари инобатга олиниб, олий ўқув юртларига ўқишга кириш тизими қайта кўриб чиқилди ва такомиллаштирилди. Ўқишга қабул қилиш квоталари янада кенгайтирилди.

Ҳарбий академик лицейларига "Темурбеклар мактаби" номи берилди ва мазкур мактабларнинг фаолияти янги босқичга кўтарилди.

Албатта бундай мисолларни ва рақамларни яна кўплаб келтириш мумкин. Лекин энг муҳими, бизда ота-бобларимиздан қолган мерос —фарзанд тарбиясига катта эътибор қаратиш, касб-корли, ҳунарли қилиш, қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, қалбида ватанпарварлик туйғуларини юксалтириш каби энг муҳим масалалар айнан давлат сиёсати даражасида кўтарилгани бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ишда намоён бўлиб келмоқда.

Бу ишлар эса юқорида келтириб ўтилган ҳикмат яъни, мустақил Ўзбекистонимизнинг юз йил ва ундан-да кўпроқ равнақ топиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ.

Мавзуга оид