Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 7 декабр куни аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлашдаги асосий масалалар таҳлил қилиниб, долзарб вазифалар белгиланди.
Қайд қилинишича, ҳозир иқтисодиёт тармоқларида 200 мингдан ортиқ малакали мутахассисга талаб бор. Келгуси уч йилда инвестиция дастурлари доирасида ишга тушадиган корхоналарда яна 500 минг нафар ишчига талаб юзага келади.

Мамлакатда салоҳиятли кадрлар тайёрлаш учун техникумлар билан корхоналарни боғлаб, дуал таълим тизимини ривожлантириш бўйича ижобий тажриба бор. Шу билан бирга, хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга манфаатли шароит қилиб бериш орқали дуал таълим қамровини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Германия билан ҳамкорликда 14 та техникумда талаб юқори касбларга ва немис тилига ўқитиш йўлга қўйилмоқда. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига ҳар бир ҳудудда камида 5 тадан техникумда ушбу тажрибани жорий қилиш топширилди.
Замонавий касбларда хорижий тилларни билиш жуда муҳим. Шу боис мактаблар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бундай дарсларни кўпайтириш, техникумларга хориждан ўқитувчилар олиб келиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 65 та касбий кўникма марказида ўқитиш сифатини ошириш, грантлар жалб этиб, замонавий касбларга мос ускуналар билан жиҳозлаш кераклиги айтилди.
Вилоятлардаги 13 та қурилиш касбига ўқитиш маркази дастурлари ҳам меҳнат бозоридаги талаб юқори касбларга мослаштирилади. Қабул тизими рақамлаштирилиб, йилига 20 минг фуқаро касбга тайёрланади.
Касбларни мустақил ёки шогирдликка тушиб ўрганганларга халқаро тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун ҳудудларда 5 та Касбий малакани баҳолаш маркази ташкил қилинади.

Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш ва малака ошириш, замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.

















