10:04 / 17.09.2018
6774

Олимпия спорт турлари бўйича мактаб-интернатларга ўқувчиларни қабул қилиш тартиби қандай?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатларига ўқувчиларни қабул қилиш тартиби тўғрисида низом лойиҳаси жойлаштирилди.

Низомга кўра, мактаб-интернатга ҳар йили умумтаълим мактабининг 4-синфини тамомлаганлиги тўғрисида баҳолар (ўзлаштириш) табелига эга бўлган, соғлиғи жиҳатидан ўқишга яроқли деб топилган, спортга қобилияти энг иқтидорли, олимпия ва миллий спорт турлари, шу жумладан спортнинг ўйин турлари (спортнинг футбол туридан ташқари) бўйича синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган номзодлар танлов натижалари асосида қабул қилинади.

Мактаб-интернатда ўқиш муддати 7 йил ва ўқувчилар умумий контингенти 350 нафар бўлиб, спортга қобилияти энг иқтидорли 25-30 нафар (25 нафардан кам бўлмаслиги лозим) ўқувчилар танлов натижалари асосида ҳар йили 5-синфга (ўқувчиларнинг 50 фоизи спортнинг олимпия ва миллий турларига кирадиган спорт якка кураш турлари бўйича, қолган 50 фоизи спортнинг олимпия турларига кирадиган ўйин турлари бўйича (спортнинг футбол туридан ташқари) қабул қилинади.

Ота-оналар томонидан қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

а) ўқувчининг ота-онаси номидан мактаб-интернат директори номига ушбу мактаб-интернатга ўқувчини қабул қилиш ҳақидаги ариза;
б) ўқувчининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси нусхаси (ҳужжатни топшириш вақтида ҳужжатнинг асл нусхаси кўрсатилади);
в) ўқувчининг баҳолар (ўзлаштириш) табели нусхаси (ҳужжатларни топшириш унинг асл нусхаси кўрсатилади);
г) 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома ҳамда ўқувчининг умуртқаси рентген тасвири;
д) ўқувчининг спорт мусобақаларида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатлар, агар мавжуд бўлса;
е) ўқувчининг 3,5 x 4,5 см ўлчамдаги 6 дона рангли фотосурати;
ж) ўқувчининг спорт паспорти нусхаси, агар мавжуд бўлса (ҳужжатларни топшириш вақтида унинг асл нусхаси кўрсатилади);
з) ўқувчининг яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органидан маълумотнома;
и) ўқувчининг психологик-педагогик диагностика дафтари (умумтаълим муассасаси психологи ёки директор ва синф раҳбари томонидан берилган тавсифнома).

Ҳужжатлар ҳар йили 25 июндан 8 августгача (шу куни ҳам) қабул қилинади.

Мактаб-интернат ҳудудида танловдан олдинги ўқув-машқ йиғинларида иштирок этган ўқувчилар орасидан спортга қобилияти энг иқтидорли, спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарликка эга ўқувчиларни аниқлаш танловнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Танловни ўтказиш учун комиссия раиси томонидан 5 кишидан иборат таркибда Танловни ўтказиш ҳайъати (бундан буён матнда ҳайъат деб юритилади) ташкил этилади.

Ўқувчилар мактаб-интернатга кириш учун умумий жисмоний тайёргарлик ҳамда махсус жисмоний тайёргарлик бўйича ихтисослик имтиҳонларини (синовларини) топширади.

Ўқувчиларни танлов асосида танлаб олиш ва қабул қилиш мазкур Низомнинг 16-бандига мувофиқ тасдиқланган спорт турлари бўйича умумий ва махсус жисмоний тайёргарлик талаблари асосида ўтказилади.Танлаб олиш ва қабул қилиш 100 баллик тизимда (умумий жисмоний тайёргарлик 30 балл, махсус жисмоний тайёргарлик 70 балл) баҳоланади.

Ихтисослик имтиҳонларини топширишдан олдин ўқувчилар ҳар йили 9 – 10 август кунлари туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида ташкил этилган тиббий комиссия томонидан тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий комиссия таркибига мактаб-интернатнинг спорт турлари бўйича бир нафар тренери ҳам киритилади.

Тиббий кўрикдан ўтказишда ўқувчининг антропометрик кўрсаткичлари (тана вазни, бўйининг узунлиги ва кўкрак қафаси айланаси), функционал имкониятлари ва соғлиғидаги мавжуд нуқсонлари аниқланади.

Ихтисослик имтиҳонлари ҳар йили 11 августдан 16 августгача (шу кун ҳам) ўтказилади ва ҳар бир танлов натижалари ўтказилган куннинг эртасидан кечиктирмай ўқувчиларга эълон қилинади.

Top