Ҳаммамизга маълум, бир неча кундан буён Хитойнинг Ҳангжоу шаҳрида Осиё ўйинлари-2022 мусобақалари ўтказилмоқда. Бу мусобақаларда фарқли Ўзбекистон спортчилари бу сафар ҳам анча муваффақиятли қатнашмоқда.

2023 йил 6 октябр ҳолатига кўра спортчиларимиз 20 та олтин, 18 та кумуш ва 26 та бронза медалларини қўлга киритиб, жамоавий ҳисобда бешинчи ўринда бормоқда.

2023 йил 6 октябр куни слаломда эшкак эшиш бўйича яримфинал ва финал босқичлари ўтказилди ва унда қизиқ ҳолат кузатилди. Беллашув давомида мезбон спортчи хатога йўл қўйди ва унга 50 сония жарима баллари ёзилди.

Хитойлик спортчи маррага биринчи бўлиб етиб келган бўлса ҳам, бешинчи ўринга тушиб кетди. Натижада маррага иккинчи бўлиб етиб келган ўзбекистонлик спортчи Анвар Клевлеев ғолиб деб топилди.

Осиё ўйинлари сайти уни ғолиб сифатида кўрсатди. Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси ҳам Анвар олтин медални қўлга киритгани ҳақида хабар берди.

Анвар Клевлеевнинг биринчи ўринни олгани ҳақидаги хабар

Бироқ кўп ўтмай ҳакамлар беллашув вақтида мезбон спортчига ёзилган 50 сониялик жарима балларини бекор қилишди ва у яна биринчи ўринга қайтарилди.

Ўзбекистон делегацияси ҳакамларнинг бу қарорига апелляция берди. Вазият видеосида ҳам хитойлик спортчи қизил тўсиқни айланиб ўтмаганини кўриш мумкин эди, аммо ҳакамлар натижани бошқа ўзгартиришмади. Шу тариқа ҳакамлар мезбон спортчига ён босишди ва Анвар Клевлеевнинг олтин медали тортиб олинди.

Жаҳон спорти тарихида бундай ҳодисалар жуда кўп содир бўлади. Ҳатто ҳакамларнинг мезбон спортчиларга ён босиши ёзилмаган қоидага айланиб қолган деса ҳам муболаға бўлмайди.

Бир мисол, Хитойда ўтаётган мусобақаларда индонезиялик спортчилар 6 октябр ҳолатига 7 та олтин, 11 та кумуш ва 18 та бронза медалларини қўлга киритишди ва умумий ҳисобда 13-ўринда боришмоқда.

2018 йил Осиё ўйинлари Индонезияда ўтказилганда бу мамлакат спортчилари 31 та олтин, 24 та кумуш ва 43 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумий ҳисобда 4-ўринни (!) қўлга киритишган эди.