Ўзбекистон | 16:21 / 21.09.2018
9201
4 дақиқада ўқилади

Ер қаъридан фойдаланувчиларнинг солиқ тўлаши устидан назорат кучайтирилди

Фото: zincoxideaustralia.com

Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2018 йилдаги 720-сон қарори билан табиий ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлашнинг ҳамда давлат бюджети даромадларини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тасдиқланди.
 
Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда фойдали қазилмаларни қазиб олиш соҳасидаги қатор камчиликлар санаб ўтилган. Улар сирасида норуда фойдали қазилма бойликларни қазиб олувчи ташкилотларнинг рўйхати ва улар томонидан қазиб олинган фойдали қазилмалар захиралари ҳажмининг ягона интеграциялашган идоралараро электрон базаси мавжуд эмаслиги кўрсатилган. Бундан ташқари, қазиб олинган норуда фойдали қазилмалар миқдорини ҳисоботларда камайтириб кўрсатиш ҳолатлари аниқланмоқда, бу эса солиқ суммаларининг тўлиқ ҳисобланишига салбий таъсир кўрсатмоқда. 
 
Маълумот учун: норуда фойдали қазилмалар – табиий кўринишда ёки хом ашё сифатида саноат ва қурилишда фойдаланиладиган нометалл фойдали қазилмалар (минераллар ёки тоғ жинсларига кириши мумкин).
 
1.03.2018 йилдаги ПҚ–3578-сон қарорга мувофиқ, жорий йил 1 августдан бошлаб қазиб олиш ҳажмлари тўғрисидаги йиллик ҳисоботларни Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси (бундан кейин – Инспекция) ва унинг ҳудудий бўлинмалари қабул қилади.  
 
Шу сабабли энди барча ер қаъридан фойдаланувчи ташкилотлар ҳар йили бир марта йиллик қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмлари тўғрисида маркшейдерлик хулосасини тузадилар (унинг шакли ВМнинг 10.09.2018 йилдаги 720-сон қарорига иловада кўрсатилган). Унда қуйидагиларни кўрсатиш зарур: ер қаъридан фойдаланувчининг ва маркшейдерлик хизмати ташкилотининг номлари, фойдали қазилма участкасининг жойлашган жойи, фойдали қазилма тури, ҳисобот даври бошидаги ва охиридаги захиралар миқдорлари, қазиб олинган миқдор ва бошқалар. Хулосани ер қаъридан фойдаланувчи ва маркшейдерлик хизмати имзолаши лозим.  
 
Маълумот учун: фойдали қазилма конлари қазишни, фойдали қазилмалар қазиш корхоналарини лойиҳалаш ва қуришни амалга оширувчи корхоналар тузилмасида маркшейдерлик хизмати бўлиши шарт. Махсус усуллар ва техник воситалар қўлланилишини талаб қилувчи капитал маркшейдерлик ва топография-геология ишлари эса қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан бажарилади. 

Хулоса кон-геология фаолиятини назорат қилиш ҳудудий инспекцияларига тақдим этилади. Жорий йилда маълумотларни 15 декабрга қадар, 2019 йилдан бошлаб эса ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартига қадар тақдим этиш зарур.
 
Жорий йил охиригача қазиб олинган норуда фойдали қазилмалар ҳажмлари тўғрисидаги барча маълумотларни бирлаштирувчи ер қаъридан фойдаланувчиларнинг электрон базаси яратилади. Тизим ДСҚ маълумотлар базасига интеграция қилинади ва 1.01.2019 йилга қадар унга барча тўпланган хулосаларни хатлаш натижалари киритилади.
 
Хулосада тақдим этилган маълумотларнинг ишончлилигини назорат қилиш Инспекция ва ДСҚ зиммасига юклатилган. Улар ҳақиқатда қазиб олинган фойдали қазилмалар ҳажмини бир йилда 2 маротабадан ошмаган ҳолда мониторинг қиладилар.
 
Мониторинг жойларга борган ҳолда, солиқ тўловчи фойдаланадиган объектларда ва ҳудудларда унинг мансабдор шахслари иштирокида, маълумотнома билан расмийлаштириш орқали амалга оширилади. ДСҚга солиқларнинг тўғри ҳисобланиши, ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши юзасидан қатъий назорат ўрнатиш вазифаси топширилди.
 
Ҳужжат 12.09.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид