Ўзбекистон | 15:39
450
2 дақиқада ўқилади

Олтин изловчилар реестри ва назорат тартиби бўйича меъёрлар ўзгармоқда

“Ер қаъри тўғрисида”ги қонун қабул қилингани муносабати билан ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги айрим президент ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Ўзгаришлар доирасида олтин изловчилар реестрини юритиш ҳамда ажратилган ер қаъри участкалари устидан давлат назоратига оид нормалар қайта белгиланади.

Фото: Getty images

“Ер қаъри тўғрисида”ги қонунга мувофиқ ҳамда унинг ижросини самарали ташкил этиш, ҳуқуқий қоидаларни қўллашда турлича талқинлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш мақсадида президентнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилган.

Хусусан, 2018 йил 26 ноябрдаги ПҚ-4030-сон қарорга киритилаётган ўзгартиришларга кўра, ҳужжатнинг 2-бандидаги “35 баравари” ифодаси “100 баравари” сўзлари билан алмаштирилиши белгиланмоқда. Шунингдек, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти билан шуғулланувчи шахсларнинг реестрини юритиш Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси томонидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қайд этилишича, уларга ажратилган ер қаъри участкалари устидан давлат назорати эса Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги Тоғ-кон саноати ва геология соҳасини назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.

Мазкур ҳужжат ўзгаришлари “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлаш ҳамда соҳадаги ҳуқуқий зиддиятларни бартараф этишга қаратилгани билдирилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид