Ўзбекистон | 18:15 / 21.09.2018
8863
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Панорама» давлат-хусусий шериклик асосида берилиши кутиляпти

Фото: Myday

Тошкент шаҳридаги Cinema Palace кинотеатри (собиқ «Панорама») давлат-хусусий шериклик асосида берилиши мумкин. Бу ҳақда «Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасида айтилади.

Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шериклик асосида бериладиган давлат мулки объектлари рўйхатида 90та объект бор. 

Масалан, ҳозирда кинотеатрни “Алишер Навоий номли киносаройи” ДУК бошқаради. Бу ердаги умумий ер участкаси майдони - 27 125 м.кв. Шундан, бино ва иншоотлар майдони - 15 812,0 м.кв.

Рўйхатда кинотеатрдан ташқари, Тошкентдаги яна иккита объект кўрсатилган - Мирзо Улуғбек тумани, Буюк ипак йўли кўчасидаги “Гулшан” номли Маданият ва истироҳат боғи ҳамда Мирзо Улуғбек тумани, Қизилсув кўчасидаги 2-сонли маданият ва аҳоли дам олиш маркази.

Эслатиб ўтамиз, давлат-хусусий шериклик қуйидаги принципларга асосланади:

давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги ахборотнинг очиқлиги ва қулайлиги, бундан давлат сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил қилган маълумотлар мустасно;

камситишнинг йўқлиги, битим томонларининг тенг ҳуқуқлилиги;

томонларнинг битим бўйича мажбуриятларни виждонан бажариши;

хавф-хатарлар ва мажбуриятларнинг битим томонлари ўртасида адолатли тақсимланиши;

давлат-хусусий шериклик томонлари ўзаро муносабатларининг шартномада келишиб олинган асоси.

Мавзуга оид