Фан-техника | 16:39 / 24.09.2018
20883
3 дақиқада ўқилади

Азиза Умарова: ижтимоий тармоқларнинг ишламаслиги ҳунармандларнинг синишига сабаб бўляпти

Фото: Халқаро пресс-клуб

Smartgov Consulting консалтинг бюроси ижрочи директори, фаол жамоатчи Азиза Умарова мамлакатда Facebook ижтимоий тармоғига кириш билан боғлиқ муаммолар туфайли юзага келган вазият ҳақида ўз фикрини билдирди.

"Facebook тириклигидан кўра ўлганлиги аниқроқ. Мен VPN’нинг ноқулайлиги, интернет тезлиги ва бу қадамнинг умумий сиёсий жиҳатларидан кўра унинг “бизнес модели” Facebook асосига қурилган кичик бизнес ва фуқаролик жамиятига қандай зарар келтираётганлиги ҳақидаги фикрларим билан ўртоқлашмоқчиман", – деб ёзди у ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида. 

Унинг сўзларига кўра, биринчидан бу аёлларнинг уйдаги кичик бизнесига таъсир кўрсатди.

"Масалан, "Вкусная история" саҳифаси бор. Facebook орқали одамлар уйида буюртма асосида турли таомлар тайёрлайдиган аёл ҳақида билиб олишади. Туғруқ таътилидаги кўплаб аёллар ижтимоий тармоқ орқали ривожланишга асосланган бизнесларини бошлашади. Биз айнан мана шундай аёлларни мижозларидан  маҳрум қиляпмиз. Facebook "лидлар" яратишга, яъни оилаларнинг ўзини боқишига, фарзандларни олдинга ҳаракатлантиришга имкон берганди", – деб ёзади Умарова.

Иккинчидан, бу вазият ҳунармандларни, масалан ўз қўллари билан ажойиб безаклар тайёрлайдиган Карина Кенжаева (Бухоро) ва Юлия Завертайлога (Тошкент) салбий таъсир кўрсатди. Фойдаланувчилар Facebook орқали уларнинг ишлари билан танишишар ва буюртмалар беришарди, дейди у.  

"Ижтимоий тармоқларни ўлдиринг ва кўплаб ҳунармандлар барқарор буюртмаларсиз қолишади", – деб ёзди Умарова.

Шу билан бирга, унинг фикрича, мамлакатимизда Facebook ташаббускор гуруҳларнинг майдони сифатида фуқаролик жамиятининг ижтимоий лойиҳалари ўрнини эгаллади.  

"Масалан, мамлакатимизда ҳалигача ижтимоий ҳимоя бўйича ваколатли орган йўқ. Ҳа, йўқ! Ўнлаб гуруҳларда кўнгиллилар уйсиз қарияларга бошпана излашади, кўчада қолиб кетганларнинг ҳужжатларини тиклашга ёрдам беришади, беморлар учун дорига пул йиғишади, интернатларга боришади, вилоятлардаги муҳтож болаларга иссиқ кийим ва пойабзал беришади.. Facebook’ни йўқ қилинг ва сиз жам бўлиб пул йиғаётганларни кўринмас ўлимга маҳкум қиласиз", – дея хулоса қилади Азиза Умарова.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда Facebook ижтимоий тармоғига кириш борасида муаммолар 4 сентябрда бошланиб, 12 сентябргача давом этганди. Иккинчи марта эса ижтимоий тармоқ 17 сентябрь куни "ухлади"  ва ҳали ҳам унга кириб бўлмаяпти.

Мавзуга оид