Бош вазир баёни билан пойтахтнинг Учтепа туманида барпо этилиши керак бўлган 4 қаватли ҳунармандлар маскани қурилиши бошлангач, “бир юмалаб” кўп қаватли турар жойга айланиб қолган. Бунга рухсат берувчи хулоса эса шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқовнинг баёни билан бекор қилинган. Аммо ҳоким имзолаган бу баён судда ҳақиқий эмас деб топилган. Ишлар шу тарзда кетадиган бўлса бундан 5 йил аввал иссиқ ўрнидан айрилган ҳунармандлар кўчада қолишлари аниқ.

 

2022 йил декабр ойида Kun.uz’да Учтепа туманида 4 қаватли Ҳунармандлар маркази қурилиши керак бўлган жойда 9 қаватли “дом” қурилаётгани, ҳунармандлар эса бундан норозилиги ҳақида суриштирув эълон қилинганди.

Ҳунармандлар таҳририятга такроран мурожаат қилганларидан тушундикки, муаммо ечимини топмаган. Kun.uz вазиятни ўрганиш мақсадида низоли ҳудудга бориб, ҳунармандлар ва қурувчи ташкилот вакиллари билан суҳбатлашди.

Сузукота мажмуаси қурилиши муносабати билан ҳунармандларга тегишли устахоналар бузилгани сабабли 2019 йил 26 майдаги ҳукумат сайёр йиғилиши баёни билан Учтепа тумани Фозилтепа кўчасида жойлашган 2,7 гектар ер майдонида “Ҳунармандлар гузари” маркази қурилиши ва ҳунармандларнинг бузилган мулкларига компенсация сифатида қуриладиган бинонинг биринчи қаватидан 52 нафар ҳунарманд учун жами майдони 12 минг 204 метр квадрат бўлган хоналар ажратиб берилиши белгиланган.

2019 йил 26 майдаги ҳукумат сайёр йиғилиши баёни Фото: Kun.uz

Ҳунармандларга ажратиладиган хоналар қурилиш учун сарфланган харажатлар ҳисобида сотилиши, зарурат бўлганда уларнинг пули бир йил давомида бўлиб тўлашга имкон берилиши ваъда қилинган.

Шундан сўнг МЧЖ шаклидаги “Turon meros” корхонаси ташкил этилади ҳамда унга Ҳунармандлар марказидан жой берилиши кўзда тутилган барча ҳунармандлар уюшади. Объект лойиҳаси, эскизлари ва бошқа ҳужжатлар 2020 йилда тегишли ташкилотлар билан келишилади ҳамда Қурилиш вазирлигининг ижобий хулосаси олинади.