13:53 / 24.09.2018
10823

Отабек Муродов Тожикистондаги йиғилишда иштирок этди

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни бош прокурор Отабек Муродов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган МДҲ мамлакатлари бош прокурорларининг Мувофиқлаштирувчи кенгашининг 28-йиғилишида ва ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг 16-йиғилишида иштирок этди.

Йиғилишларда МДҲ ва ШҲТга аъзо давлатларнинг бош прокурорлари ва иштирокчи-давлатлар делегациялари раҳбарлари, жумладан Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Ўзбекистон, Хитой, Покистон, Ҳиндистон, шунингдек мулоқот шериклари ва кузатувчи мамлакатлардан таклиф этилган меҳмонлар сифатида – Афғонистон, Монголия, Эрон, Непал, Шри-Ланка, Прокурорлар Халқаро Ассоциацияси президенти Герхард Ярош ва Саудия Арабистони Бош прокурорлари иштирок этди.

ШҲТга аъзо давлатлар бош прокурорларининг йиғилиши давомида трансмиллий ва уюшган жиноятчиликка қарши ҳамкорликда курашиш, терроризм, экстремизм, диний ва сиёсий радикализм хавфи ва экстремистик ҳаракатларнинг бошқа ҳалокатли таъсири кучаяётганлиги масалалари, шунингдек жаҳон ва минтақавий хавфсизликнинг бошқа муаммолари муҳокама қилинди. Урушлар билан қамраб олинган қатор мамлакатлардаги сиёсий вазиятнинг мураккаблиги, сиёсий келишмовчиликларнинг зарарли таъсири ва ушбу мамлакатлардаги тинч фуқароларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларга ташвиш билдирилди ва МДҲ ва ШҲТга аъзо-давлатларнинг қўшма интеграциялашуви давлатлар ва минтақаларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг муҳим омили деб топилди.

Шунингдек, ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Беларусь, Тожикистон, Афғонистон, Қозоғистон ва Қирғизистон делегациялари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Россия, Тожикистон ва Қозоғистон билан ҳамкорлик дастурлари имзоланди.

Top