Жамият | 19:33 / 28.09.2018
40130
10 дақиқада ўқилади

МДҲда энг тезкор, Осиёда бешинчи: «Afrosiyob» билан танишув

Дунёдаги энг тезюрар поездларга эга мамлакатлар қайсилар? Ўзбекистоннинг ушбу рейтингдаги ўрни қандай?

2017 йил якунларига кўра, GoEuro томонидан тақдим этилган энг тезюрар поездларга эга мамлакатлар рейтинги шу каби саволларга жавоб беради.

Рўйхатга кўра, илк учликда Япония, Жанубий Корея ва Хитой мамлакатлари қайд этилган. Жумладан, Японияда фойдаланиладиган SCMaglev поездининг максимал тезлиги  соатига 603 километр. Хитойнинг MagLev поезди соатига 501 километр тезликда ҳаракатланади. Жанубий Кореянинг тезкор поезди эса соатига 421 километр тезликка эга. 

Аҳамиятли жиҳати шундаки, Ўзбекистон мазкур рейтингда «Afrosiyob» тезюрар, электр поездлари билан 17-ўринни эгаллади. АҚШ, Норвегия ва Финляндия мамлакатлари рейтингда Ўзбекистондан пастда эканлигини инобатга олсак, буни фахрланарли натижа сифатида баҳолаш мумкин...

Турли давлат ташкилоти ва муассасаларида бўлиб, уларнинг иш фаолияти билан ўқувчиларни таништириб келаётган Kun.uz‘нинг навбатдаги ижодий сафари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖга бўлди.

Ўйлаймизки, «O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖ фаолияти, соатига 250 км тезликда ҳаракатланиш имкониятига эга «Афросиёб» тезюрар электр поездининг иш фаолияти, ишчи ходимлар ва йўловчилар билан бўлган суҳбатлар ўқувчиларимизни бефарқ қолдирмайди.

«O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖга ижодий гуруҳимиз билан тонгги соат 6:00ларда етиб бордик. Бу вақт кўпчилик учун ширин уйқу, «Afrosiyob»электр поезди ходимлари учун эса иш  айни қизғин пайт ҳисобланади.

Йўловчилар манзилига кузатилаётган жараён. Поезд ходимлари ҳар бир йўловчига алоҳида эътибор ва  хушмуомалалик билан ўз вагони ва ўрни ҳақида тушунтиришлар бермоқда.

Биз «Afrosiyob» электр поезди ва унда кўрсатилаётган хизматлар ҳақидаги фикрини билиш учун йўловчилардан бир нечтасини суҳбатга тортдик.

-«Afrosiyob»хизматидан тез-тез фойдаланаман. Самарқанд ва Тошкент оралиғи бор йўғи 2 соат-у 8 дақиқа эканлиги ҳар қандай давлат хизматчиси, сайёҳлар ва оддий аҳоли учун ҳам ниҳоятда қулай.

Агар солиштирадиган бўлсак, VIP-класс, Бизнес-класс, Эконом-класс вагонлар ҳам чет давлатлардаги тезюрар поездларнинг нархига нисбатан анча арзон.

Хизмат сифатини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.  «Afrosiyob» электр поездининг ҳар бир вагонида йўловчиларга иккитадан вагон кузатувчи хизмат кўрсатади. Биринчи ходим бевосита йўловчиларга хизмат кўрсатса, иккинчиси вагон кузатувчиси ҳужжатларни расмийлаштириш, ўринлар ҳақида маълумот бериш вазифасини бажаради.

Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда мазкур поезднинг аҳамияти юқори, - дейди поезд йўловчиси Рустам Қобилов.

Бугунги кунда бундай поездлардан дунёдаги 14 та давлат фойдаланади.

Поезднинг узунлиги 157, баландлиги 4 метрни ташкил қилади.

Ҳар бир поезд 2 та локомотив, 8 та йўловчи вагони ва вагон ресторанидан иборат.
Поезддаги ҳаракатланиш давомида йўловчиларга жаҳон стандартлари асосида хизмат кўрсатилади. Нонушта, ширинлик, иссиқ ва салқин ичимликлар  йўловчиларга бепул тақдим этилади.

«Afrosiyob» электр поездлари 2011 йилнинг 26 август куни Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари ўртасида илк  қатновни амалга оширган эди.

МДҲдаги энг тезюрар мазкур поезд бугунга қадар миллионлаб йўловчиларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

Жумладан, бугунги кунда юртимизда 4та «Afrosiyob» юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий поезди фаолият кўрсатади ҳамда қуйидаги йўналишда кунига ўртача 2000 йўловчини ўз манзилига етказади:

Тошкент - Бухоро - Тошкент,  ҳар куни эрталаб (286 ўрин), Тошкент - Шаҳрисабз - Тошкент,  ҳар куни эрталаб (214 ўрин), Тошкент - Бухоро - Тошкент,  ҳар куни кечқурун (286 ўрин) ва Тошкент - Самарқанд - Тошкент, жума, шанба, якшанба кунлари эрталаб (214 ўрин).

-Тошкентдаги “Чинобод” санаториясида дам олиб, Бухорога қайтаяпман. «Afrosiyob»га биринчи бор чиқишим.

Поезд ходимларидан миннатдорман, барчаси хушмуомала.

Тошкентга шу поездга чипта тугаб қолганлиги учун йўловчи таксида, 10 соатда зўрға етиб келгандим. Соғлигим туфайли узоқ йўл босишга қийналаман.

Мана энди «Afrosiyob» билан 3 соату 40 дақиқада Бухорога етиб боришимизни айтишаяпти-, дейди йўловчи Исматилло Рўзимуротов.

Саёҳат қилиш ва шу орқали янги таассуротларга эга бўлиш  ёқимли, албатта.

Юз-кўзларидан Самарқанд, Бухоро ва Шаҳрисабз каби қадимий шаҳарларни кўриш, афсоналар билан юзлашиш ҳаяжони сезилиб турган сайёҳларни кузатар эканмиз, эътиборимизни ушбу сайёҳларга ўзининг ширин табассуми билан хизмат кўрсатаётган  борт кузатувчиси ўзига тортди.

Ўзини Шаҳзода Омонбоева деб таништирган ходиманинг қизиқарли касби ва бу касбнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида фикрларини сўрадик.

- Борт кузатувчиси сифатида йўловчиларга хизмат кўрсатамиз. Касбимни жуда яхши кўраман-, деб сўзларини бошлади Шаҳзода Омонбоева.

-Шу соҳада бир йилдан буён ишлайман. Йўловчиларга хизмат кўрсатиш, хушмуомала бўлиш ва тил билиш касбимизнинг энг асосий хусусиятларидан.

Хорижлик меҳмонларнинг аксарияти Самарқанд шаҳрини кўриш учун йўлга чиқишади. Йўл-йўлакай бизга турли саволлар билан мурожаатлар бўлади, бундай пайтда тарихий билимларга эга бўлиш жуда муҳим-, дейди у.

Қадимий Хива шаҳри Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар кўзлаган асосий манзиллардан бири ҳисобланади.

Сайёҳлар, қолаверса юртимиз аҳолиси учун қулай, тезкор транспорт хизматини кўрсатиш мақсадида бугунги кунда Испаниянинг TALGO ва Кореянинг HYUNDAI  компанияси билан Тошкент-Бухоро-Хива йўналиши бўйича янги электропоездларни сотиб олиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

Юқори тезликда  ҳаракатланувчи поездлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Санжар Абдухалиловнинг айтишича, ҳозирда Урганч-Хива участкасида йўл ва иншоотларни қуриш ишлари тўлиқ тугатилди. Мазкур лойиҳа фойдаланишга топширилгач Тошкент-Бухоро-Урганч-Хива йўналишида поездлар қатнови йўлга қўйилади.

Урганч-Хива участкаси фойдаланишга топширилгач, 2018 йил охиригача Тошкент-Бухоро-Урганч-Хива йўналишида поезд қатнови йўлга қўйилади.

«Afrosiyob»нинг тонгги рейсини ўз манзили томон кузатгач, йўловчиларнинг поезд кутиш зали томон йўл олдик.

Ушбу зал замонавий, шинам усулда жиҳозланган экан. Меҳмонларга «O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖ ходимлари томонидан сифатли хизмат кўрсатилади. Жумладан, йўловчилар кутиш залида иссиқ ва салқин ичимликлар, турли егуликлар буюртма қилишлари мумкин.

Кутиш залидаги кичик ботаника боғи эса йўловчиларга сафар олдидан жонли табиат руҳини ҳис қилиш имконини беради.

«O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖга саёҳат қилиш давомида хаёлингиздан беихтиёр бир фикр ўтади: бундан 8-10 йил аввал Тошкентдан йўловчилар билан чиққан поезд 2 соату 8 дақиқада Самарқанд, 3 соату 40 дақиқада эса Бухорога етиб боради, деса ҳеч ким ишонмас эди.

Шукурки, Ўзбекистонда иқтисодиётнинг қон томири ҳисобланган темир йўллари ва темир йўлларда йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатиш борасида қилинаётган амалий ишлар натижасида бугун буларнинг барчаси ҳақиқатга айланди.

Юртимиз аҳолиси ва меҳмонларига дунёнинг саноқли, ривожланган давлатларидагина мавжуд бўлган тезюрар поездлар энг юқори стандартлар асосида хизмат кўрсатмоқда.

Шу ўринда, Ўзбекистонда поезд чипталари қиммат, дея нолийдиган айрим фуқароларимиз «O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖнинг таъриф бўлими бошлиғи Шаҳноза Алиева томонидан келтирилган маълумотни ҳам ҳисобга олган ҳолда хулоса қилишса адолатдан бўлади, назаримизда.

Унга кўра, «O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖ томонидан йўловчи ташиш ва сервис хизматлари кўрсатиш борасида жаҳон давлатларидаги стандартлар ва нархлар доимий тарзда ўрганиб борилади.

Шулардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Ўзбекистонда аҳолига йўловчи ташиш поездларида хизмат кўрсатиш нархи бирмунча арзон.

Жумладан, Россия Федерациясида тезюрар поездда 300 км масофага йўловчиларни етказиш нархи ўртача 110-115 долларни ташкил қилади. Қўшни Қозоғистон Республикасида эса бу кўрсаткич 32-35 доллар. Ўзбекистонда эса айнан шундай масофага кўрсатиладиган юқори сифатли хизматлар билан йўловчиларни етказиш 8-10 долларни ташкил қилади.

Чиптахонага ташриф давомида 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб ўринларни гуруҳ бўлиб брон қилиш учун аризаларни қабул қилиш ва саёҳат ҳужжатларини бериш вақтида паспорт нусхасини сўраш бекор қилингани ҳақида хабар топдик. Мазкур ҳолатда йўловчининг исм-шарифи,  паспорт маълумотлари,  туғилган санаси,  яшаш жойи қайд этилгани тасдиқланган рўйхат белгиланган тартибда икки нусхада тақдим этилади.

Шунингдек, бугунги кунда йўл ҳужжатларини сотиш тизимига илғор ахборот технологияларини жорий этиш бўйича янги лойиҳа ишлаб чиқилмоқда,  хусусан,  юридик шахслар учун веб-ресурсда саёҳат ҳужжатларини учинчи шахсларнинг иштирокисиз расмийлаштириш учун ягона ойна ташкил этиш кўзда тутилган.

«O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖга сафаримиз  қисқа, аммо таассуротларга бой бўлди.

«O'ztemiryo'lyo'lovchi» АЖходимлари билан хайрлашар эканмиз, шундай тилак билдирдик: Сафарингиз доимо бехатар бўлсин!

Мавзуга оид