Спорт | 18:40 / 02.10.2018
23100
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига янги ректор тайинланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 октябрдаги тегишли қарорига мувофиқ Маҳмуджон Рустамович Болтабоев Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети ректори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Маҳмуджон Болтабоев 1969 йилда Андижон вилоятида туғилган, маълумоти олий, 1993 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университети тамомлаган. Иқтисод фанлари доктори, профессор.

Бунга қадар Махмуджон Болтабоев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири, Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори, Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги бош директори каби масъул лавозимларда фаолият кўрсатган.

Университетнинг ўқув ишлари бўйича проректори  Комилжон Деҳқонович Ярашев жорий йилнинг август ойидан буён университет ректори вазифасини бажариб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 мартдаги «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт институтига «университет» мақоми берилди. Шу асосда университетнинг ўқув бинолари қайта реконструкция қилиниб, моддий-техник базаси янгиланди.

Мавзуга оид