Халқ томонидан молиялаштириш – краудфандинг қандай афзалликларга эга?
Вазирликнинг хайрли ташаббуси
29 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Ўзбекистонда илк бор «Краудфандинг» (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилгани ҳақида хабар берди.
“Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бир восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади”, - дейилади хабарда.
Хабарда айтилишича, лабораториялар, ақлли синфлар ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун жамғарма ҳисобидан маблағлар йўналтирилади.
Краудфандинг Ўзбекистон учун янгиликми?
Аслида, краудфандинг платформаси Ўзбекистон учун янгилик ҳисобланмайди. Бундан беш йил аввал ОАВ турли лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар жалб этиш билан шуғулланадиган Factor.uz онлайн-майдончаси ишга туширилгани, унинг доирасида бир нечта лойиҳа таклиф этилгани ҳақида хабар берганди. Аммо орадан бир йил ўтгач, бу платформа иш фаолиятини тўхтатган.
Шу йилнинг августида эса Spot Ўзбекистонда Crowdfunders.uz краудфандинг платформаси ишга туширилиши ҳақида хабар қилди.
Хабарда айтилишича, платформа илк 15 та лойиҳа учун ариза қабул қилингандан кейин ишга тушади. Дастлабки 50 та муаллиф ўз лойиҳаларини амалга оширишда мутахассислардан бепул ёрдам олишади.
Платформа краудфандингдан ташқари, муаллифларга краудинвестинг (лойиҳага ҳисса қўшиш орқали компания инвесторига айланиш) билан шуғулланишни ҳам таклиф қилади.
Ҳар бир муваффақиятли якунланган лойиҳадан платформага йиғилган маблағнинг 10 фоизи берилади. Хайрия лойиҳаларидан платформа улуш талаб қилмайди.
Краудфандинг қачон пайдо бўлган?
Краудфандинг (ингл. crowdfunding) сўзи “халқ томонидан молиялаштириш” маъносини билдиради ва бу сўз 2006 йилда пайдо бўлган. “Wired” журнали муҳаррири Жефф Хау мақолаларидан бирида интернет фойдаланувчилари орасидаги кўнгилли пул берувчиларни назарда тутиб краудфандинг сўзини қўллаганди.
Бу термин яқинда пайдо бўлганига қарамасдан, аслида, бу усул қадимдан қўлланиб келинади. Масалан, Москвада Минин ва Пожарский ҳайкалини ўрнатиш ғоясини император Александр I дастлаб қўллаб-қувватламаган. У бу иш учун етарлича маблағ тўпланмайди деган фикрда бўлган. Аммо халқ ташаббуси билан бутун мамлакатда ҳайкални ўрнатиш учун пул йиғиш бошланган ва пул берганларнинг исм-шарифлари газеталарда эълон қилиб борилган. Шу тарзда йиғилган пул эвазига тайёрланган ҳайкал 1818 йилда очилган.
АҚШга Франция томонидан туҳфа этилган ва 1886 йилда очилган Озодлик ҳайкали ҳам оммавий пул йиғиш йўли билан тайёрланган. Францияда турли тадбир ва лотереялар ўтказилган, Жозеф Пулитцер ўзининг World газетасида хайрия қилиш чақириғи билан чиққан, АҚШда театр томошалари, аукционлар, бадиий кўргазмалар ташкил қилинган.
Ўзбек халқи ҳам краудфандинг сўзи билан танишганига кўп бўлмаган бўлса-да, хайр-эҳсон масаласида азал-азалдан ҳеч бир халқдан қолишмайди. Республика ҳудудида ҳашар ва хайрия йўли билан кўплаб бино, иншоот, йўл ва каналлар, муҳтожлар учун уйлар бунёд этилган. Масжид ва қабристонларда ўрнатилган хайр-эҳсон қутиларини, беморларнинг даволаниши учун турли сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги гуруҳлар томонидан маблағ йиғилишини ҳам краудфандингнинг миллий кўриниши деб айтиш мумкин.
Краудфандинг қандай ишлайди?
Сиз бирор қизиқ ёки муҳим лойиҳани амалга оширмоқчисиз, лекин бунга маблағингиз етарли эмас. Ғоянгизни краудфандинг платформасида баён этасиз ва моддий ёрдам сўрайсиз. Ушбу лойиҳага қизиққан ва уни қўллаб-қувватлаган фойдаланувчилар сизга маблағ ўтказишади. Етарли маблағ тўпланганидан сўнг лойиҳангизни амалга оширишга киришишингиз мумкин.
Краудфандингнинг афзалликлари
Воситачиларнинг бўлмаслиги – банкдан катта фоиз эвазига кредит олишга эҳтиёж қолмайди. Инвестор ўз шартларини қўймайди.
Барча учун тенг шартлар — фойдаланувчилар лойиҳага ўз ихтиёрлари билан пул берадилар, ҳеч ким бунинг учун имтиёзга эга бўлмайди.
Йиғимларнинг шаффофлиги — маблағ тўплашни истовчилар лойиҳа учун қанча маблағ зарурлигини маълум қилишади. Лойиҳа учун қанча пул йиғилганлигини ҳамма кўриб туради.
Краудфандинг лойиҳалари турлари
Лойиҳалар қуйидаги йўналишларда бўлиши мумкин: хайрия ёрдами кўрсатиш, сиёсатчилар, спортчи ва ижодкорларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий лойиҳалар.
Краудфандинг лойиҳаларини молиялаштириш усуллари
“Ҳаммаси ёки ҳеч нарса”. Агарда белгиланган муддат ичида етарлича миқдордаги маблағ йиғилмаса, пуллар эгаларига қайтарилади, лойиҳа ташаббускорига ҳеч қандай маблағ берилмайди.
“Барчаси”. Белгиланган муддат ичида қанча пул йиғилса, ўша маблағнинг барчаси лойиҳага ўтказилади.
“Доимий молиялаш”. Маблағ йиғиш муддати белгиланмайди, керакли миқдордаги пул йиғилмагунча лойиҳа очиқ туради.
“Тўхташ нуқтаси”. Маблағ “тўхташ нуқтаси”га етиб келганидан сўнг (масалан сўралган маблағнинг ярми йиғилганидан сўнг) лойиҳа муаллифига берилади.
“Номолиявий бонус”. Лойиҳага пул ўтказган шахс бирор моддий буюмга эга бўлади. Масалан, китоб чоп этилиши учун маблағ ўтказган шахсга ўша китоб бепул тақдим этилиши мумкин.
Маблағ йиғиш қандай амалга оширилади?
Ҳар бир краудфандинг майдончаси лойиҳа, унинг мууаллифи ва ҳомийларга нисбатан ўз талабларига эга бўлади. Лекин умуман олганда бу талаблар бир-биридан унчалик фарқ қилмайди.
Платформаларнинг талабига кўра, унинг иштирокчилари вояга етган, ўз лойиҳасини тақдим этиши, лойиҳа қонунчиликка зид бўлмаслиги ҳамда йиғилган пул ўша лойиҳани амалга оширишга сарфланиши лозим.
Муаллиф лойиҳани, унинг ўзига хос хусусиятлари ва қандай наф келтиришини баён этади. Асосийси, пул қандай мақсадда йиғилаётганлиги аниқ кўрсатилиши керак. Муаллиф шунингдек, мақсадга эришиш учун қанча маблағ кераклигини ҳам кўрсатади.
Жаҳондаги таниқли краудфандинг майдончалари
Kickstarter – дунёдаги энг йирик ва таниқли краудфандинг майдончаси. У “ҳаммаси ёки ҳеч нарса” тамойили асосида ишлайди. Агарда 60 кун ичида етарли маблағ тўпланмаса, лойиҳа муаллифига ҳеч қандай пул берилмайди.
Шу билан бирга, кўпчилик бу майдончага қўйилган лойиҳалар учун йиғилган маблағнинг 5 фоизини ўзига олгани учун танқид қилади. Улар сайт бу билан ижтимоий ёрдам ўрнига даромадли бизнес келтирувчи тижоратга айланиб қолган деб ҳисоблашади.
Indiegogo – бу йўналишдаги иккинчи ўринда турувчи сайт. Бу платформанинг ажралиб турадиган хусусияти шундаки, лойиҳа муаллифининг қайси мамлакатдан эканлиги борасидаги талаб қаттиқ эмас. Бундан ташқари, лойиҳа тоифаси бўйича чеклов йўқ. Истаган шахс ўз ғоясини (ҳаттоки ғайритабиий ёки ақлга сиғмайдиган бўлса ҳам) жойлаштириши ва маблағ тўплаши мумкин.
Европадаги краудфандинг майдончалари
Швейцария. 2015 йил охирида 30та краудфандинг платформаси бўлган бўлса, 2017 йил апрелида уларнинг сони 50тани ташкил этган.
Етти йил ичида краудфандинг орқали 193,8 млн швейцария франки йиғилган. 2016 йилда краудфандинг лойиҳаларини 100 мингдан ортиқ киши қўллаб-қувватлаган.
Австрия. 2015 йилда 6та краудфандинг платформаси 8,1 млн евро тўплаган. 2017 йилда бу ерда 20та платформа фаолият кўрсатган. Айрим банклар ўз краудфандинг платформасига эга.
Буюк Британия. 2017 йил охирида Буюк Британиядаги платформалар сони 65тани ташкил қилган. Майдончаларнинг 60 фоизи бизнес-молиялаштириш йўналишида. Иккичи ўринда ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтирилган плафтормалар туради 37 фоиз.
2014 йилда турли ҳисоб-китобларга кўра, 10 млрддан 16 млрд долларгача маблағ тўпланган.
Осиёдаги краудфандинг платформалари
Яқин Шарқда фаолият кўрсатадиган Aflamnah платформаси (БАА) асосан кино ва ижодий лойиҳаларга мўлжалланган.
Хитойдаги энг йирик DemoHour карудфандинг платформаси 2011 йилда иш бошлаган.
Жануби-Шарқий Осиёда Сингапурнинг ToGather.Asia платформаси 2012 йилда, Индонезиянинг KitaBisa платформаси 2013 йилда фаолият кўрсатишни бошлаган.
Краудфандинг ҳақида қизиқарли фактлар
2001 йилда АҚШда ташкил этилган мусиқа йўналишидаги ArtistShare сайти дунёдаги биринчи краудфандинг платформаси ҳисобланади.
2008 йилда Барак Обама сайлов кампанияси учун праймериз босқичида икки миллиондан ортиқ кишидан 272 млн долларга яқин пул тўплаган.
iPhone ва Android қурилмалари билан синхронлашувчи Pebble қўл соатларини яратиш учун 2012 йилда 10 млн 200 минг доллардан ортиқ пул йиғилган.
2014 йилда Зак Браун Kickstarter платформасида картошка салати тайёрлаш учун 55 492 доллар йиққан: бу краудфандинг тарихидаги энг муваффақиятли ҳазил лойиҳалардан бири ҳисобланади.
Сценарийнавис Роб Томас "Вероника Марс" телесериалини фильм қилиб ишлаб чиқариш учун Kickstarter’да таклиф берган ва бунинг учун 2 млн доллар кераклигини билдирган. Сериал ишқибозларидан жами 6 млн доллар пул тушган ва 2014 йилда фильм суратга олинган.
The Dash – “ақлли” симсиз қулоқчинларини ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 260 минг доллар тўпланиши зарур бўлган ҳолда Kickstarter орқали қарийб 4 миллион доллар тўпланган.
Monolith Board Games LLC компанияси "Конан-варвар" фильми асосида компьютер ўйини яратиш учун 80 минг доллар кераклигини маълум қилгач, бу ғоядан илҳомланган одамлар лойиҳа учун нақд 3,3 миллион доллар йиғиб беришган.
Мавзуга оид
10:35 / 01.10.2020
Ахборот технологиялари соҳасидаги лойиҳаларни краудфандинг платформаси орқали оммавий молиялаштириш бўйича ҳуқуқий тажриба ўтказилади
10:50 / 08.12.2017
Фото: Франциянинг 9 минг киши эгалик қиладиган ҳашаматли қасри
13:40 / 25.10.2016