Вазирликнинг хайрли ташаббуси

29 сентябрь куни Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати Ўзбекистонда илк бор «Краудфандинг» (халқ томонидан молиялаш) биринчи платформаси Mfond.uz ишга туширилгани ҳақида хабар берди.

“Платформа мактаб раҳбарлари учун ўқув муассасасининг моддий-техник базасини ривожлантириш учун ҳомийлик маблағларини жалб қилишга қаратилган бир восита ҳисобланиб, жалб қилинган маблағларни ишлатишда очиқлик ва ҳисоботлилигини таъминлаб беради. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган хайрия жамғармаси мактабларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун қўшимча пул тўплаш ҳамда ногирон ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун қўллаб-қувватлаш ва иқтидорли ўқувчиларни рағбатлантириш учун сарфланади”, - дейилади хабарда.

Хабарда айтилишича, лабораториялар, ақлли синфлар ва бошқа лойиҳалар яратиш, жиҳозлаш, мактаб инфратузилмаси, қолаверса, ўқувчи ва ўқитувчиларнинг ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда уни ривожлантириш учун жамғарма ҳисобидан маблағлар йўналтирилади.

Краудфандинг Ўзбекистон учун янгиликми?

Аслида, краудфандинг платформаси Ўзбекистон учун янгилик ҳисобланмайди. Бундан беш йил аввал ОАВ турли лойиҳаларни амалга ошириш учун маблағлар жалб этиш билан шуғулланадиган Factor.uz онлайн-майдончаси ишга туширилгани, унинг доирасида бир нечта лойиҳа таклиф этилгани ҳақида хабар берганди. Аммо орадан бир йил ўтгач, бу платформа иш фаолиятини тўхтатган.

Шу йилнинг августида эса Spot Ўзбекистонда Crowdfunders.uz краудфандинг платформаси ишга туширилиши ҳақида хабар қилди.

Хабарда айтилишича, платформа илк 15 та лойиҳа учун ариза қабул қилингандан кейин ишга тушади. Дастлабки 50 та муаллиф ўз лойиҳаларини амалга оширишда мутахассислардан бепул ёрдам олишади.

Платформа краудфандингдан ташқари, муаллифларга краудинвестинг (лойиҳага ҳисса қўшиш орқали компания инвесторига айланиш) билан шуғулланишни ҳам таклиф қилади.