Жаҳон | 23:09 / 09.10.2018
9449
2 дақиқада ўқилади

Хитой энг йирик газ импортчисига айланиши мумкин

Фото: РИА Новости / Мария Плотникова

Хитой октябрдаёқ дунёдаги энг йирик газ импортчисига айланиши ва бу борада Японияни ортда қолдириши мумкин. Бу ҳақда Халқаро энергетика агентлиги раҳбари Фотих Бирол маълум қилди. 

“Табиий газ бозори трансформацияланиш даврини бошдан кечирмоқда. Бунда учта муҳим ҳолат бор. Биринчидан, Хитой. У газ бозорида асосий ўйинчига айланиш учун улкан қадамлар ташламоқда”, деб айтган Бирол Лондондаги Oil & Money Conference анжуманида.

Биролнинг айтишича, Хитой октябрда ёки ноябрда дунёдаги энг йирик газ импортчисига айланади.

Мутахассиснинг таъкидлашича, иккинчи муҳим ҳолат АҚШ томонидан суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарилиши ҳажми ошиши бўлмоқда. Агентликнинг баҳолашича, кейинги 5 йилда АҚШ ҳисобига бозорда суюлтирилган табиий газ таклифининг 75 фоиз ўсиши тўғри келади. Шу тариқа АҚШ Қатар ва Австралия билан бир қаторда суюлтирилган табиий газ етказиб берувчиларнинг етакчи учталигига киради.  

“Учинчидан, газ истеъмоли ҳақида гапирганимизда, дарҳол саноат сектори ҳақида ўйлаймиз. Саноат сектори газга талаб ўсишининг асосий сабабчиси ҳисобланади”, деб айтган Бирол.

Шу билан бирга Халқаро энергетика агентлиги раҳбари газга талабнинг ошиши хавфлари мавжудлигидан огоҳлантирган. 

Мавзуга оид