09:30 / 10.10.2018
7359

Депутатлар «Фан тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилишди

2018 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир қатор долзарб қонун лойиҳалари кўриб чиқилган навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.

Олий Мажлис қуйи палатаси мажлиси кун тартибидан ўрин олган дастлабки масала – “Фан тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, биринчи ўқишда кўриб чиқилган мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси президентининг “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги 2018 йил 22 январдаги фармонининг 3-банди ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Бугунги кунда мамлакат илм-фани ва илмий салоҳиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни ривожлантиришда фан ва техниканинг ҳиссасини ошириш, амалга ошириладиган илмий тадқиқотларнинг сифати ҳамда самарадорлигини юксалтириш, илм-фан, таълим, ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этмоқда. “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишининг зарурати ҳам айни ана шундандир.   

Қонун лойиҳаси билан илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида давлат бошқарувини амалга оширувчи органларнинг ваколатлари, илмий ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш чора-тадбирлари ҳамда давлат илмий-техникавий экспертизаси, илмий ва илмий-техник натижаларнинг илмий ва илмий-техник даражасини, иқтисодий самарадорлиги ва амалий аҳамиятини комплекс тарзда баҳолаш ва мониторинг қилиш  белгиланмоқда. Шунингдек, яна бир муҳим жиҳат – илмий ва илмий-техникавий фаолиятни молиялаштиришнинг асосий принциплари, манбалари ва шакллари кўрсатиб ўтилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги ҳуқуқий, молиявий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг тартибга солинишини таъминлайди.

Шу билан бирга, илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи нормаларнинг яхлит бир ҳолатга келтирилиши илмий ва илмий-техникавий фаолият соҳасида ҳуқуқий муҳитни юзага келтиради ҳамда илмий ва илмий-техникавий фаолият барча иштирокчиларининг самарали алоқаларини таъминлаш имконини беради.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.

Top