Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин
Шу мазмундаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилинмоқда.
22 феврал куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Қайд қилинишича, бугунги кунга қадар 126 мингдан ортиқ фуқаронинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимни кутмоқда. Бундан ташқари, кўплаб ҳолатларда фуқароларнинг боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларга ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас.
Шундан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорисиз ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилган уй-жойлар, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк обектларига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш асослари ва унинг аниқ тартибини белгилаш зарурати мавжуд.
Қонун лойиҳаси билан ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланади.
Шунингдек, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасининг ер фонди тоифасини ўзгартириш, кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, ижара ҳуқуқи эътироф этилган ер участкасини хусусийлаштириш тартиби ҳам белгиланади.
Шунингдек, ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод этилиши мумкин.
Йиғилишда қайд этилишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига нисбатан ижара ҳуқуқи ҳамда уларда қурилган уй-жой бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк объектларига нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштилиши учун ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.
Қонун лойиҳасининг муҳокамаси давом этмоқда.
Мавзуга оид
09:59
Манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонун татбиқ этиладиган ташкилотлар рўйхати тасдиқланди
15:01 / 05.11.2024
Ню-Йоркда пиёдаларга йўлнинг исталган жойидан исталган вақтда кесиб ўтишга рухсат берилди
17:49 / 23.10.2024
Сенат янги таҳрирдаги “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонунни маъқуллади
18:34 / 04.10.2024