Спорт | 17:50 / 10.10.2018
19647
4 дақиқада ўқилади

Параосиё ўйинлари. Ўзбекистон тўртинчи кунда 14та медал қўлга киритди

10 октябрь куни ўзбекистонлик спортчилар Параосиё ўйинларида тўртинчи кунги баҳсларда иштирокларини ўтказишди.

Дзюдо
Бугунги баҳсларда 5 нафар дзюдочи ўз омадини синаб кўрди ва улардан икки нафари олтин медал, бир нафари кумуш медал ва яна икки нафари бронза медал олди. 

Куннинг биринчи ярмида -70 кг вазн тоифасидаги Ўзбекистон вакили Васила Алибоева финалда ҳиндистонлик рақибини мағлубиятга учратиб, йигирманчи олтин медални делегация ҳисобига қўшиб қўйганди.

Васила Алибоева - олтин медаль соҳибаси
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Куннинг иккинчи ярмида +70 кг вазн тоифасида Феруза Юсупова учинчи ўрин учун жангда ҳиндистонлик спортчини мағлубиятга учратди ва бронза медалини қўлга киритди.

-100 кг вазн тоифасидаги Шариф Халилов ҳам бронза учун гиламга чиқиб, мўғулистонлик спортчини мағлуб этди. 

Шариф Ҳалилов - бронза медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

-90 кг вазн тоифасида финал баҳсида қатнашган Шуҳрат Бобоев эронлик рақибига имкониятни бой берди ва кумуш медаль билан кифояланадиган бўлди.

Шуҳрат Бобоев - кумуш медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

+100 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Ширин Шарипов финалда эронлик рақибга қарши жанг қилди ва ғалаба қозонди ва делегация ҳисобига 21-олтин медални олиб берди.

Ширин Шарипов - олтин медаль соҳиби
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Сузиш
Бугунги баҳсларда ўзбекистонлик сузувчилар ҳам 5та медални қўлга киритишган. 

100 метрга брасс усулида сузган Фирдавсбек Мусабеков 01:05:75 натижа билан олтин медални қўлга киритган бўлса, шу масофада иштирок этган Ислам Асланов маррага учинчи бўлиб етиб борди ва бронза медаль соҳибига айланди.

Худди шу йўналишда аёллар ўртасидаги беллашувларда иштирок этган Фотимахон Омилова эса 01:09.57 натижа билан жаҳон рекордини ўрнатди ва олтин медалга эга чиқди. Ушбу йўналишда кумуш ва бронза медаллар ҳам ўзбекистонлик спортчиларга насиб этди. Фотимахон Омиловадан кейин маррага Шоҳсанамхон Тошпўлатова етиб келиб, кумуш медаль эгасига айланган бўлса, Нигорахон Мирзоҳидова терма жамоа ҳисобига бронза медаль қўшиб қўйди.

Фотимахон Омилова / Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Ўзбекистонлик енгил атлетикачилар эса тўртинчи кун баҳсларида Ўзбекистон ҳисобига учта олтин медаль келтиришди. 

Куннинг биринчи қисмида Темурбек Гиязов баландликка сакраш баҳсларида энг яхши натижани қайд этди ва олтин медални қўлга киритди. Қайд этиш лозимки, Темурбек мусобақада Рио-2016 Паралимпия ўйинлари ғолиби Тору Сузукини ортда қолдириб кета олди.

Розия Эргашева ва Темурбек Гиязов
Фото: Параосиё ўйинлари расмий сайти

Аёллар ўртасида 100 метрга югуришда стартга чиққан Сабина Суханова бронза медалга эга чиққанди.

Куннинг иккинчи қисмида 100 метрга югуриш баҳсларида Мансур Абдирашидов 11:26 сониялик натижа билан маррага биринчи бўлиб етиб борди ва олтин медаль соҳибига айланди.

Ядро улоқтириш беллашувларида эса Бобиржон Омонов 12,31 метрлик натижа билан биринчи бўлди - бу Ўзбекистон делегациясининг турнирдаги 25-олтин медали бўлди. 

Шу тариқа, ўзбекистонликлар бугунги баҳсларда 7та олтин, 2та кумуш ва 5та бронза медаль қўлга киритишди.

Айни вақтга келиб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 46тага етган. Шундан 25та олтин, 11та кумуш ва 10та бронза. Эндиликда Ўзбекистон умумий рейтингда Эронни олдинга ўтказиб юборган (28-23-27) ва тўртинчи ўринда жойлашган. Биринчи ўринда Хитой (100-47-39), иккинчи ўринда Жанубий Корея (35-31-26) бормоқда.

Мавзуга оид