Жаҳон | 23:50 / 13.10.2018
27751
3 дақиқада ўқилади

Пастор Брансон озод этилгач Эрдўған Трампга мурожаат қилди

Фото: Anadolu Agency

Измир суди америкалик пастор Эндрю Брансонни озод қилгач “Туркия суди ўз қарорларини мустақил равишда чиқаради”, деб ёзган ўз Твиттерида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған АҚШлик ҳамкасби Дональд Трампга мурожаат қила туриб.

Бунгача NBC телеканали ўзининг Оқ уйдаги манбаларига таянган ҳолда АҚШ ва Туркия ҳокимияти Эндрю Брансонни озод этиш борасида махфий битимга келишганини хабар берган эди. Трамп турк давлати раҳбари Эрдўғанга пасторнинг озод этилганида кўрсатилган ёрдам учун миннатдорчилик билдирган ва Туркия билан бу борада ҳеч қандай келишувлар бўлмаганини ҳам қистириб ўтган.

АҚШ президенти шанба куни кундузи Овалсимон кабинетда Брансонни қабул қилишини ҳам эълон қилган.

“Муҳтарам президент Трамп, доимо таъкидлаганимдек, Туркия суди ўз қарорини мустақил равишда чиқарди. Умид қиламанки, АҚШ ва Туркия ўртасидаги муносабатлар иттифоқчиларга хос тарзда давом этади ва давлатларимиз террорчилик ташкилотлари, биринчи навбатда, FETO (мухолифатдаги исломий даъватчи Фатҳуллоҳ Гуленнинг ташкилоти), Курдистон ишчи партияси ва “Ислом давлати”га қарши биргаликда курашади”, — деб ёзган Эрдўған Twitterʼда.

Жума куни Измир шаҳри суди Брансонни уч йилу, бир ярим ойга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарган ва уни уй қамоғидан озод этган. Суд Брансон ҳибс остида ўтказган кунларни ҳисоблаб чиқиб, унга нисбатан қўлланилган барча эҳтиёт чораларини бекор қилган, жумладан, хорижий давлатга чиқиб кетиш бўйича тақиқни ҳам.

Вашингтон ва Анқара ўртасидаги муносабатлар кейинги вақтларда кескинлашаётган эди ва сабаблар ичида Брансон иши ҳам салмоқли улушга эга эди. Брансон 2016 йилда Туркия ҳокимияти томонидан давлат тўнтаришига алоқадорлик ва Туркияда тақиқланган Курдистон ишчи партияси билан алоқаларда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Август ойи бошларида АҚШ молия вазирлиги Туркия адлия вазири Абдулҳамит Гул ва ИИВ раҳбари Сулаймон Сўйлуга қарши санкциялар эълон қилган ва уларни “инсон ҳуқуқларини жиддий поймол этиш”да айблаб чиққан эди.

Сўнгра АҚШ президенти Туркиядан киритиладиган алюминий ва пўлатга божларни мос равишда 20 ва 50 фоизга оширилишини эълон қилди. Бу эса турк лирасининг тарихий минимумгача қулашига сабабчи бўлди. Анқара ҳам бўш келмасдан Америкадан киритиладиган 22 турдаги маҳсулотларга божларни кўтарди. Улар тамаки, алкоголь, автомобиллар, атторлик маҳсулотлари, гуруч ва мевалар каби 553 миллион долларлик маҳсулотларни ташкил этган.

Мавзуга оид