14:30 / 14.10.2018
15445

Немисларда қўрқинчли статистика. Рақамлар ва Лёвнинг ғалати изоҳи

Германия терма жамоаси Миллатлар лигаси доирасида Нидерландия меҳмони бўлиб, йирик ҳисобда мағлубиятга учради: ван Дейк, Депай ва Вейналдум биттадан гол уришди. Жаҳон чемпионатида гуруҳда охирги ўринни эгаллаб, шарманда бўлган Йоахим Лёв жамоасида даҳшатли статистика.

Фото: Squawka

• Германия ўз тарихида илк марта қаторасига уч учрашувда гол ура олмади (Жанубий Корея билан 0:2, Франция билан 0:0, Нидерландия билан 0:3).  

• Нидерландия немислар жамоасини 1992 йилдан буён халқаро турнир доирасидаги ўйинларда илк марта мағлуб этди. 2002 йилда голландлар ўртоқлик учрашувида немислар устидан ғалабага эришганди. 

• Нидерландия илк марта немисларни 3 гол фарқи билан мағлуб этди. Бу терма жамоалар жами 23 марта ўзаро ўйин ўтказишган. 

• 2018 йил бўйича Германия 5-учрашувда мағлуб бўлди.  Бу антирекорднинг такрорланишидир. Немислар 1956 ва 1985 йилларда ҳам 5 мартадан мағлуб бўлишганди, аммо 2018 йил ҳали якунланмагани инобатга олинса, янги антирекорд қайд этилиши мумкин. 

• Германия охирги 5 ўйинда жами 107 марта рақиб дарвозаси томон зарба йўллаган. Аммо бу зарбалардан фақат 2таси гол бўлган! 

Фото: Squawka

• Голландлар билан ўйинда Германия рақиб дарвозаси томон 21 марта зарба йўллади, аммо шундан фақат 4 зарба дарвоза томон аниқ борди. Томас Мюллер ўйинни кўзи юмуқ ҳолатда ўтказгандек таассурот қолдирди. Унинг зарбалари йўналиши:

• Немислар ўйин давомида 15 марта тўп йўқотишди. Бу борадаги етакчи – Тимо Вернер бўлди (5). 

Фото: globallookpress.com/Cathrin MÃller

• Германия Миллатлар лигаси доирасида А1 гуруҳида охирги ўринни эгаллаб турибди, немислар Нидерландиядан 2 очко ортда қолмоқда ва В дивизионга равона бўлиш хавфи остида қолган. Олдинда Францияга қарши сафар ва  Нидерландияга қарши уй учрашувлари кутмоқда. 

Лёв ўйиндан кейин ғалати тарзда изоҳ берди

Фото: Squawka

Нидерландияга қарши учрашув Йоахим Лёвнинг терма жамоа мураббийлигидаги 168-учрашуви эди ва бу рекорд натижадир. Муваффақиятсизлик билан якунланган ўйиндан кейин Лёв матбуот анжуманида янада муваффақиятсиз чиқиш қилди.

«Гап фақат вазиятларни голга айлантиришда эмас. Гол ўтказиб юборгунимизга қадар яхши ўйнадик ва имкониятларни кўкка совурдик. Охирги ўйинларда дарвозамиздан тўп олиб чиқишимиз ўзимизга ишончсизликни келтириб чиқаряпти. Агар 0:1 ҳисобида ютқазганимизда, бу нормал эди. Аммо кейинги икки гол натижани хунук кўринишга келтирди. Бундай натижа учун футболчилар ҳам мураббий каби бирдек масъулиятни зиммасига олиши керак», деган мураббий.

Терма жамоа футболчилари ҳам йирик мағлубиятга изоҳ беришди.

Фото: Squawka

«Шубҳасиз, бу ерда имкониятлардан фойдаланмаганимиз панд берди. Менинг фикрим – биз ғалаба қозонишимиз керак бўлган ўйинда 0:3 ҳисобида мағлуб бўлдик. Фақат бир ўйинчи барча вазиятларни барбод қилди, дейиш ноўрин. Баъзида омад етишмади, баъзида маҳорат камлик қилди. Менинг бош билан берган зарбамни эса дарвоза чизиғидан қайтариб қолишди. Сафарда Нидерландия билан ўйнаб туриб, 3-4 та гол киритиш ўрнига 0:3 ҳисобида ютқаздик», деган Матс Ҳуммельс.

«Учрашув бошида жуда яхши ўйнадик, кўплаб вазиятлар яратдик, уларни тўпсиз қолдирдик ва ўзимиз истаган барча ишни қила олдик. Аммо кейин ўша бурчак зарбасидан кейин гол ўтказиб юбордик. Бу бизга катта зарба бўлди. Биз гол уриш мумкин бўлган имкониятлардан фойдаланмадик, мана шу бизнинг энг катта камчилигимиз бўлди», деган Тимо Вернер.

Нидерландия – Германия 3:0 (1:0, 2:0)
13 октябрь, «Амстердам Арена»
Голлар: 1:0 – 30 ван Дейк, 2:0 – 86 Депай, 3:0 – 90 Вейналдум.
Нидерландия – Силлессен, ван Дейк, Блинд, де Лигт, Думфрис, Бабел (Данжума, 68), де Йонг (Аке, 77), Бергвейн (Промес, 68), Вейналдум, Депай, де Рон.
Германия – Нойер, Киммиҳ, Ҳуммельс, Боатенг, Ҳектор, Жан (Дракслер, 57), Кроос, Гинтер, Ут (Брандт, 68), Мюллер (Сане, 57), Вернер.

Top