Ўзбекистон | 13:16 / 18.10.2018
24047
2 дақиқада ўқилади

Президент администрациясида ОАВ бўйича шўъбага раҳбар тайинланди

Журналист ва шоир Салим Ашур Ўзбекистон Республикаси Президенти администрациясининг Оммавий ахборот воситалари, телевидение ва матбуотни ривожлантириш шўъбаси мудири этиб тайинланди. Бу маълумотни «Kun.uz» манбаси тасдиқлади.

Ушбу шўъба Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати таркибидаги сектор ҳисобланади.

Бундан ташқари, Баҳодир Махсутович Юнусов шўъбага бош консультант бўлган, Элбек Улуғбекович Долимов эса шўъбанинг етакчи консультанти лавозимига тайинланган.

Маълумот учун, Салимбой Ашуров охирги вақтларда президент аппаратида ишлаган, Баҳодир Юнусов Бош прокуратура мультимедиа марказида, Элбек Долимов эса Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот котиби лавозимида фаолият кўрсатиб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 27 август куни Ўзбекистон президенти девони президент админстрацияси сифатида қайта ташкил этилган ва унга Зайнилобиддин Низомиддинов раҳбар этиб тайинланганди.

Кўп йиллар давомида президент девонида Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси бўлиб келган Хайриддин Султонов давлат раҳбари спичрайтери (нутқларини ёзиб берувчи — таҳр.) лавозимига ўтказилганди.

ОАВ бўйича хизматни эса вақтинчалик президентнинг Фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳитов бошқариб туриши маълум қилинганди.

Сентябрь ойи охирида Фарҳод Маҳмудов ушбу хизмат раҳбарига ўринбосар этиб тайинланди.

Ҳозирда Оммавий ахборот воситалари, маънавият ва маърифат, маданият, санъат ва ижодий ташкилотларни ривожлантириш масалалари хизмати раҳбари лавозими бўш қолмоқда.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид